Ижтимоий тармоқларда Самарқанд ҳамда Наманган вилоятларида ички ишлар ходимларининг фуқаролар билан келишмовчиликлари акс этган видеолар тарқалди. Ходимлар фуқароларни қасддан айбдор қилишга уринган бўлиши мумкин, тасвирларда буни тасдиқловчи ҳолатлар акс этган.

Самарқанд вилоятидаги ҳолатда ички ишлар ходими ўзи погонини юлиб ташлаган, бунинг учун эса аёл киши жавобгарликка тортилган, деб ёзади Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти. Воқеа 2021 йилда содир бўлган, унга тегишли видео эса суд якунидан сўнг эълон қилинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман суди судяси К.Пансатовнинг 4 мартдаги ҳукмига кўра, фуқаро Ш. Ж. Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан айбдор деб топилган.

Тергов хулосасига кўра, 2021 йилнинг 6 июль куни Ш. Ж. Қўшработ туман прокуратураси биносига ноқонуний равишда кирган ва ўзининг қариндошига тегишли иш бўйича тергов жараёнига ҳалақит қилган. Шундан сўнг туман прокуратураси терговчиси А.Хакбердиев ички ишлар ходимларини жамоат тартибини сақлаш учун чақирган.

Чақирувга кўра, бинога туман ички ишлар бўлими ходимлари, айнан профилактика инспекторлари Ф.Раджабов, А.Бабақулов ва М.Шарипов келган, аёлларга тушунтиришга ва жамоат тартибини сақлашга ҳаракат қилган.

Суд ҳукмида келтирилишича, айбланувчи Ш. Ж. ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаган, уларни ҳақорат қилган, шунингдек, профилактика инспектори Ф.Раджабованинг хизмат кийимидан погонини йиртиб ташлаган. Иш материалларида далил сифатида ходимнинг хизмат кийимлари, воқеа тасвирланган диск, шунингдек гувоҳларнинг баёнотлари мавжуд бўлган.

ЖИБ Самарқанд вилояти суди судьялари О.Набиев, Х.Ярашов ва А.Холбоев иштирокида апелляция инстанциясида кўрилган иш якунида судланувчи Ш. Ж.ни юқоридаги жиноятни содир этган деб топди ва биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

«Эзгулик» жамиятининг Самарқанд вилояти бўлими судланувчи томонидан тақдим этилган суд иши материалларини ўрганиб чиқиб, тергов ва суд ишини юритиш қонунга зид равишда олиб борилган деган хулосага келди.

«Прокуратура тергов органлари ҳам, жиноят ишлари бўйича судлар ҳам жиноят ишининг барча ҳолатларига тўлиқ ҳуқуқий баҳо бермади, шунингдек ишда мавжуд бўлган ашёвий далилларни очиқдан-очиқ эътиборсиз қолдирди. Хусусан, ҳеч қандай ускунасиз икки аёл қандай қилиб туман прокуратурасининг қўриқланадиган биносига мустақил равишда кира олгани баҳоланмаган», — дейилади хабарда.

Қолаверса, жамият маълумотига кўра, қуйидаги саволларга жавоб берилмаган: Прокуратура биносини қўриқлаш ва унда жамоат тартибини сақлаш вазифаси бўлган Миллий гвардия ходимлари воқеа юз берган вақтда қаерда бўлган? Терговчи А.Хакбердиев нимага эшик олдида Миллий Гвардия ходимлари турганида жамоат тартибини сақлашга ички ишлар бўлими ходимларини чақирган?


«Бундан ташқари, ишга оид материаллардаги видео ёзувларида ишчи ишлар ходими профилактика инспектори Ф.Раджабов шахсан ўзи погонини юлиб олиб, бунда аёлни айблаётгани аниқ-тиниқ кўриниб турибди. Видеода ўша вақтда аёлнинг чап қўли сумкасини ушлаб турганини, ўнг қўлини эса ички ишлар ходими ушлаб турганини кўриш мумкин», — дейилади «Эзгулик» жамияти хабарида.

Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда «Эзгулик» жамияти — биринчи ва апелляция инстанциялари судьяларининг ҳукми адолатсизлиги, судьяларнинг хатти-ҳаракатларида эса ЖКнинг 231-моддасида (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) назарда тутилганидек, айбсиз шахсни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортиш аломатлари мавжуд деган хулосага келди.

Бундан ташқари, профилактика инспектори Ф.Раджабовнинг хатти-ҳаракатларида ЖКнинг 237-моддаси (Ёлғон хабар бериш) ва 238-моддасида (Ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятлар аломатлари бор. Ф.Раджабов ўзига тегишли хизмат формасидаги, ўз раҳбарияти томонидан берилган погонини юлиб ташлаш орқали фуқаролик бурчини шараф билан бажарган ва бажаришда давом этаётган ички ишлар ходимларининг қадр-қимматини ҳақорат қилди, деб ҳисоблайди жамият.

«Эзгулик» жамияти Омбудсман ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасидан ушбу вазиятга эътибор қаратишни ҳамда аслида жабрланувчи ҳисобланган аёлнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўрайди.

Шунингдек, Олий суд ва Бош прокуратурадан судлар, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш сўралмоқда.

«Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook`даги саҳифасида Самарқанддаги бундай ҳодисаларда айбланган ходимларнинг муносиб жазо олишига ишонмаслигини қайд этди. «Чунки асл вазиятни ҳамма кўриб турибди. Бундай юзсизликка кўникиб ҳам қолдик», — деди у.

«Аммо ўтган ойда жамоатчилик муҳокамасига чиққан ЙПХ ходимларини тасвирга олишнинг таъқиқланиши ҳақидаги нормаларнинг амалга киритилиши билан боғлиқ жараён жамият равнақи йўлидаги тўсиқ сифатида жиддий сигналдир. Катта эҳтимол билан бу норма қабул қилинади. Бош прокурор ўринбосари [Светлана] Артикова бу борада расмийларнинг позициясини очиқлаб бўлди», — деб ёзди у.

У шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар ходимлари фаолиятини шаффофлаштириш мақсадида боди-камералар билан таъминлаш бўйича топшириқ берган бир вақтда, «унинг қўл остида хизмат қилаётганлар ислоҳотларга болта ураётганини» таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, аслида бутун дунёда амалдорларни жуда алоҳида бўлмаган шароитларда тасвирга олиш таъқиқланмаган, аммо Ўзбекистонда буни жорий қилишмоқчи.

«Конституциявий ислоҳотлар жараёнига старт берилган шу кунларда шаффофлик ва жамиятни демократлаштириш масаласи жиддий ҳуқуқий асослар билан мустаҳкамланиши керак. Ижтимоий тармоқ фаоллари бу масалада бефарқ бўлмасалар яхши бўларди. Акс ҳолда, погонларини юлиб, бизни айбдор қилишда давом этаверишади», — деган фикрда у.

Намангандаги ҳолат эса 18 май куни содир бўлган. Тарқалган видеода ЙПХ ходими ҳайдовчидан масофа сақлашни сўрагани ва унинг автомобили эшиги олдига туриб олганини кўриш мумкин.

Шу вақтда инспектор «яқинлашма» дея огоҳлантиради, ҳайдовчи яқин келганида эса унга боши билан урилиб кетгандек вазиятни юзага келтирган. Шундан кейин: «Мошинани олдида урма мени. Нимага мени ургани келаяпсан», дея овозини баландлатиб гапирган. Ҳайдовчи эса инспекторнинг ўзи уни боши билан урганини ва машинасига эса ҳужжатларини олиш учун яқинлашганини айтган.

ЙПХ инспектори ҳайдовчига калла қўяётган пайт. Видеодан лавҳа.

Мазкур ҳолат бўйича Наманган вилояти ИИББ Ахборот хизмати изоҳ берди. Ислом Каримов кўчасига тунги хизматга жалб этилган ЙПХ инспектори С.Ахролов томонидан 01W741SB давлат рақам белгили автомашинасини олд ва орқа ойналарини қорайтириб олганлиги сабабли ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхтатилган.

«Ушбу автомашина ҳайдовчиси автомашинага тегишли бўлган ҳужжатларни тақдим қилган ва автомашинани олд ва орқа ойналари ёруғлик ўтказувчанлигини ўлчовчи мослама ёрдамида ўлчаб кўрилди. Олд ойнаси 51 фоиз ва орқа ойналари 100 фоиз эканлиги кўрилиб, ҳайдовчига рухсат берилган», — дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ходим билан боғлиқ видеолар бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

«Газета.uz» юқоридаги ҳолатлар юзасидан тегишли ўрганишлар олиб бориш ва ҳуқуқий баҳо беришни сўраб Олий суд, Бош прокуратура ҳамда ИИВга сўров юборди.