Таркибида йод бўлган «Антиструмин» таблеткаларини ишлаб чиқарувчи Samo фармацевтика компанияси лицензиясининг амал қилиши вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда ССВ Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.

2023 йилнинг сентябрь ойида болалар оммавий заҳарлангач, «Антиструмин» дориси сотуви вақтинча тақиқланган ва Samo МЧЖда фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари бошланганди.

Ўрганишлар натижасига кўра, корхона томонидан қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган. 2023 йил декабрь ойида МЧЖ лицензиясини бекор қилиш тўғрисида марказ томонидан судга даъво аризаси киритилган.

Наманганда 71 боланинг заҳарланиш ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилгани сабабли мазкур иқтисодий иш билан боғлиқ суд, жавобгарнинг илтимосномасига кўра, 2024 йил 19 январда тўхтатилган, дейилади марказ хабарида.

Таъкидланишича, аҳолининг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун таҳдид юзага келишининг олдини олиш мақсадида марказнинг юқоридаги иқтисодий иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилингунига қадар Samo МЧЖнинг лицензиясини тўхтатиб туриш тўғрисида Зангиота туманлараро иқтисодий судига киритган илтимоснома суднинг тегишли ажримига мувофиқ қаноатлантирди.

Шундан сўнг МЧЖга тегишли (дори воситаларини ишлаб чиқариш учун 2020 йил 30 мартда берилган) 15571-сонли лицензиянинг амал қилиши вақтинча тўхтатилди.

«Антиструмин» воқеаси

Ўзбекистонда 2023 йил 20 сентябрдан барча мактаб ва болалар боғчаларида йод билан таъминлаш дастури бошланганди. Унга кўра, ҳар чоршанба кунлари болаларни йод етишмовчилигидан ҳимоя қилиш учун уларга профилактик дозада йод таблеткалари ичирилиши белгилган.

Аммо орадан 2 кун ўтиб, Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари — жами 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилди.

Шу куннинг ўзида президент Чустдаги вазиятдан «қаттиқ ташвишда» экани унинг матбуот котиби томонидан маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ўрганишлар якунига етгунига қадар таркибида йод бўлган «Антиструмин» №100 маҳаллий дори воситасидан фойдаланишга тақиқ жорий этди.

Воқеадан сўнг соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Чуст туманига бориб, болалар дори воситалари ёки овқатдан заҳарланмаганини, болаларнинг соғлиғи ёмонлашишига заҳарланиш эмас, ЎРВИ сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Кейинроқ президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманганга бориб, оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш… одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса) асосида жиноят иши қўзғатилган.

25 сентябрга келиб, «Антиструмин» йод препаратини ишлаб чиқарувчи Samo компанияси фаолиятини текшириш бошлангани хабар қилинган. Шуниндек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Samo компаниясидан 3,55 млн қути «Антиструмин» (калий йодид) препаратини қарийб 22 млрд сўмга тендерсиз сотиб олгани аён бўлган.

Шунингдек, Samo фармацевтика компанияси ҳамтаъсисчиси Нодир Юнусов АҚШда қидирувда экани аниқланган. Йод препарати билан боғлиқ можаро фонида у таъсисчилар сафидан чиққан.

Ўша кунларда Тошкентда ҳам ўнлаб болалар РШТЁИМ токсикология бўлимига заҳарланиш аломатлари, иситма, ошқозон бузилиши билан ётқизилган. Ота-оналар улар йод ичганидан сўнг хасталанганини маълум қилган. Шифокорлар эса ҳолатнинг препарат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. «Газета.uz» вазиятни ўрганган (тафсилоти бу ерда).

Ноябрь ойида «Антиструмин» иши бўйича уч шифокор аёл қамоққа олинган. Шундан сўнг Врачлар ассоциацияси президентга мурожаат йўллаганди.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов эса болалар йод таркибли «Антиструмин» дорисидан оммавий заҳарлангани ҳақида гапириб, препаратни беришда доза ошириб юборилганини тан олган.