Олий Мажлис Сенати 19 январь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудовани бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этишни маъқуллади, деб хабар берди «Газета.uz»га парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Бу бўйича президент тегишли тақдимнома киритган. Манбага кўра, Робахон Маҳмудова «Адолат» социал-демократик партиясини бошқариши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Робахон Маҳмудова 2023 йилги президентлик сайловида «Адолат» партиясидан номзод сифатида иштирок этган. Овоз бериш натижаларига кўра, у 4,43 фоиз овоз йиғиб, амалдаги президент Шавкат Мирзиёевдан кейин иккинчи ўринни эгаллаганди.

Номзод ўз дастурида судьялар сонини кўпайтириш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтириш, адвокатурани кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг эскирган моделини ўзгартириш, тиббиётни декоммерциализация қилиш тижоратдан ва ажралишларнинг олдини олиш масалаларини илгари сурганди.

Робахон Маҳмудова 2020 йил июль ойидан Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси (сайлов кампанияси ва сайлов даврида унинг судялик ваколатлари тўхтатиб турилган) лавозимида ишлаб келган.

У 1958 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси, Ўзбекистон президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимларида ишлаган. У Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ҳам бўлган.