«Газета.uz» Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон президентлигига номзод Робахон Маҳмудованинг сайловолди дастурини тақдим этади (биография).

«Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон „Адолат“ социал-демократик партияси навбатдаги сайловлар олдидан ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, „ижтимоий давлат“ ва „барча учун фаровонлик таъминланган“ адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этади», — дейилади дастур муқаддимасида. Унинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:

  • инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлаш;
  • Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли «ижтимоий давлат» сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш;
  • «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилмоғи керак» ғояси давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини таъкидлаб, халқ ҳокимиятининг тимсоли бўлмиш вакиллик демократияси институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш;
  • мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳияти ва инсон капиталини ривожлантириш;
  • партиянинг асосий электорати ҳисобланмиш ишчи ва меҳнаткашлар, юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси хизматчилари, педагоглар, шифокорлар, илмий ва инженер-техник ходимлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари ва бошқа хайрихоҳлар манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш;
  • ҳар бир инсон фаровонлигининг гарови бўлмиш тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқаролик тотувлиги, миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш.

Партия «электорат ва сайловчилар эҳтиёжлари ва орзу-умидларига асосланган ҳолда, ўтмиш сабоқларидан тўғри хулоса чиқариб, мамлакатнинг келажак авлоди олдидаги масъулиятни ҳис этиб, келгуси беш йиллик учун» қуйидаги устувор вазифаларни олға суради.

1. Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш — пировард мақсад

«Адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Биз суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши тарафдоримиз. Биз Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасини, айниқса, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлган омилларни танқидий ўрганиб борамиз ва шу орқали амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлаймиз», — дейилади дастурда

Партия суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, партия инсонлар сарсон бўлишиининг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги «Судлар тўғрисида»ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга «халқ судлари» мақоми беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш таклиф қилади.

Партия адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриши, бу борадаги амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш учун курашади.

«Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суд қарорларини ижро қилиш ваколати прокуратура ва ички ишлар органларига берилган бўлиб, бу ҳолат халқаро талабларга жавоб бермайди. Қолаверса, жазо ўтаётган шахслар таъқиб қилувчи органлар қўлида бўлмаслиги лозим. Шу муносабат билан, биз барча ижро билан боғлиқ ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган — адлия идоралари бошқарувига беришни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Шунда суриштирув ва терговдан норозиликлар барҳам топади, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг, қийноқ ва тайзиқларнинг олди олинади, ижро жараёнида инсон ҳуқуқлари таъминланади», — дейилади дастурда.

«„Пропискадан ўтиш“ тизимига янгича ёндошиш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлади».

Партия жамоат жойлари тушунчасининг ҳуқуқий асосини яратишни, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар тизимининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва аҳолининг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш мақсадида уларнинг сонини мақбуллаштириш ҳамда «ҳалқ полицияси» деб ном бериш, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг сонини оптималлаштириш ва инспекторларни чинакам «халқ ёрдамчилари»га айлантириш таклифини илгари суради.

Дастурда Ўзбекистон бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорларнинг қонунларни аниқ ва бир хилда бажарилишини назорат қилиш вазифасини кенгайтириш ва қуйи прокуратура органларига «Халқ прокуратураси» мақомини бериш таклифини илгари сурилади.

«Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда. Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юз бераётганлиги сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бош прокуратура ва унинг қуйи органларининг тергов жараёни устидан назорат функцияси тобора пасайиб бормоқда. Ушбу ҳолатни бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи — Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз», — дейилади дастурда.

Партия коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканини эътироф этади. Партия ушбу иллатни таг-томири билан йўқотиш учун курашади. Бош прокуратура билан ҳамкорликда келгуси 5 йилда Ўзбекистоннинг коррупцияга муросасиз 50 та давлат қаторига киришини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаб, амалга оширади.

2. Кучли ижтимоий сиёсат — халқ фаровонлигининг кафолати

Партия «Ижтимоий тенглик — тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир» деган тамойилга таянган ҳолда жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, у ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашишини таъкидлаган.

«Мақсадимиз — ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш. Ижтимоий адолат — бу сиёсий қарашлари, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг ўзаро тенглигини таъминлашдир. Бу — таълим, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги имкониятлар тенглигидир. Бу — кафолатланган меҳнат фаолияти эркинлиги, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиб боришдаги имкониятлар тенглигидир. Энг муҳими, бу — кекса авлод вакиллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар тўғрисида ғамхўрликдир», — дейилади партия дастурида.

Партиянинг келгуси 5 йиллик пировард мақсади — болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражасини икки баробарга кўтаришдир.

Партия мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона — «Тарбия» фанини жорий қилишни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, партия мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларнинг номларини бериш тарафдори.

Партия «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида» ва «Таълим тўғрисидаги кодекс»ни қабул қилишни таклиф қилади

«Давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ва самарадорлигини ошириш ҳисобига олий таълим билан қамров даражасини 2030 йилга қадар 50 фоиздан ошириш, олий таълим муассасалари сонини янада ошириш борасида амалий таклифлар берамиз. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тартибига ўтишини таъминлашга қаратилган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқамиз», — дейилади партия дастурида.

Партия камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 та олий таълим муассасалари рўйхатига, жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш борасидаги чора-тадбирлар устидан самарали ва таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоат назоратини ўрнатади.

Партия, бундан ташқари, педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларини энг нуфузли таълим муассасаларига айлантириш, педагогликка мойиллиги бўлган ёшларни мақсадли тарбиялаб бориш бўйича вазифаларни амалга ошириш тарафдори.

«Мамлакат рақобатдошлигини узоқ муддатда истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида биз мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг эътибор қаратамиз. Олимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрамиз», — дея қайд этилган дастурда.

Партия «анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда», қуйидаги вазифаларни устувор деб билади:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш билан фуқароларнинг яшаш минимуми харажатлари ўртасидаги тафовутларни кескин қисқартириш, «базавий ҳисоблаш бирлиги», пенсия ва энг зарур «яшаш минимуми» ҳамда «истеъмол савати»нинг ўзаро мутаносиблигига эришиш ва минимал иш ҳақини бозордаги нарх-навога мутаносиб равишда ошириш;
  • аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишининг олдини олиш ва шу орқали ижтимоий муносабатларда барқарорлик ва уйғунликни таъминлаш;
  • таълим, илм-фан, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда зиёлиларнинг ижтимоий нуфузи, мақомини ошириш ва уларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш;
  • бюджет соҳаси ходимлари учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан идоравий уй-жойлар қурилиши ҳажмини кенгайтириш, қурилаётган уй-жойларнинг сифатини ошириш.

Партия соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдори.

«Келгуси беш йилликда соғлиқни сақлаш бўйича давлат харажатларини умумий давлат харажатларига нисбатан 15,4 фоиздан 17 фоизга ҳамда ҳар 1000 кишига хизмат кўрсатувчи шифокорлар сонини 2,45 нафардан 5 нафарга, шифохона муассасалари сонини эса 1135 тадан 1250 тага ошириш — ушбу йўналишдаги асосий вазифаларимиз ҳисобланади», — дейилади дастурда.

Партия мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш таъминоти тизимини мустаҳкамлаш, ҳар бир мактабда малакали тиббий хизматни жорий этиш, болаларга бепул стамотология хизмати кўрсатилишини таъминлаш, болаларни бепул дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, ҳар бир болада сил касалини аниқлаш учун манту синамаси ўтказиш, болалар орасидаги юқумли касалликларга қарши эмлашлар ўтказиш масалаларини кечиктириб бўлмас долзарб вазифалар деб ҳисоблайди.

Шунингдек, партия скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ комплекслари, гинекологик ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий яхшилаб боришни зарур, деб билади. Болалар тиббиёт бирлашмалари тизими (мактаб тиббиёти)ни тубдан яхшилашга қаратилган «Соғлом болалик» лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилади.

«Соғлиқни сақлаш бўйича ислоҳотларни давом эттириш ва юқори даражага кўтариш орқали болалар ўлими кўрсаткичини ҳар 1000 нафар туғилган чақалоққа 2017 йилдаги 18 тадан 10 тагача, оналар ўлими коэффитсентини (ҳар 100 000 тирик туғилган чақалоққа нисбатан) эса 19,7 дан 15 тагача камайтириш келгуси беш йилликдаги муҳим вазифамиз ҳисобланади».

Партия дориларни врач рецепти асосида берилишини йўлга қўйиш ҳамда дорилар рекламасини чеклашга қаратилган қонунларни қабул қилиш ташаббуси билан чиқади.

Партия халқ табобатини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратишини ва ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб, мустаҳкамлаб боришини таъкидлаган. Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва ушбу соҳада тизимли ишларни кучайтириш мақсадида, партия «Тиббий маданиятни ошириш» давлат дастурини қабул қилишни таклиф қилади.

3. Халқ номидан, халқ учун ва халқ манфаатлари йўлида хизмати қиладиган адолатли жамият қуриш

«Ўзбекистон „Адолат“ социал-демократик партияси — кучли, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, „халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилмоғи керак“ деган ғоя асосида халқ ҳокимияти тамойилини изчил амалга ошириш, парламентаризмни ривожлантириш, парламент демократиясининг замонавий институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида вакиллик органларининг ролини кучайтириш — мамлакатни демократик янгилашнинг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди», — дейилади дастурда.

Партия ҳокимиятнинг маҳаллий бўғинлари ваколатларини кучайтириш ва кенгайтириш — аҳолининг ҳаётий муҳим муаммоларини ечишда энг ишончли ва тўғри йўл, деб ҳисоблайди. Айни вақтда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини ошириш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур, деб билади.

Партия ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари ходимларининг, айниқса, журналист ва блогерларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришни муҳим вазифа деб билади.

«Бутун дунё социал-демократлари ишчи ва меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмалари билан яқиндан ҳамкорлик қилишади. Шу боис, партия касаба уюшмалари ҳаракатига катта аҳамият беради ва уни замонавий, цивилизациялашган бозор муносабатларини шакллантиришда ишчи ва меҳнаткашларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг энг муҳим воситаси, деб ҳисоблайди. Биз учун касаба уюшмалари ҳаракатини бундан кейин ҳам ривожлантириш ва кучайтириш — адолатли жамиятни шакллантиришнинг зарурий шарти бўлиб қолаверади», — дейилади дастурда.

4. Ақилли иқтисодиёт — мамлакат жадал тараққиётининг гарови

«Бизнинг мақсадимиз — рақамли технологияларга асосланган инновацион миллий иқтисодиётни барпо этиш, „фаровон давлат“ қуриш, аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, тадбиркорликни ҳар бир фуқаронинг қобилияти ва имкониятини инобатга олган ҳолда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашдир», — дейилади дастурда.

Партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори сифатида юксак технологияли маҳсулот, маълумотлар алмашинуви технологияси ва виртуал молиявий хизматларга таянган рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улушини 2025 йилга қадар 45% га етказишни муҳим вазифа деб билади.

Партия рақамли иқтисодиёт ривожида инновацион ёндошувни муҳим, деб билади ҳамда тараққиётнинг барқарор давомийлигида давлатнинг мувофиқлаштирувчилик фаолияти етакчи эканини эътироф этади. Шу нуқтаи назардан, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш борасида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди:

  • Ўзбекистонда инновацион ёндашувли рақамли иқтисодиётга ўтишни ташкил этиш, иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, уни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш;
  • инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, янги технологиялар базасини яратиш, замонавий бизнес инфратузилмаларини ташкил этишда фаол иштирок этиш;
  • инновацион фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, «Инновациялар ва инновацион фаолият тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • иқтисодиётни энг замонавий илм-фан ва техника ютуқлари, илғор инновацион ғоялар ва билимлар асосида ривожлантириш чораларини кўриш;
  • иқтисодиётда сунъий монополияга барҳам бериш ва мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган рақобатни қўллаб-қувватлаш;
  • аҳолини иш билан банд этиш, янги иш ўринлари яратиш, ишсизликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш;
  • аҳоли даромадини изчиллик билан кўпайтириш бўйича давлат томонидан амалга оширилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаш;
  • мамлакатнинг муҳим миллий бойлиги бўлган инсон капиталини ҳар томонлама кўпайтириш ҳамда ривожлантириш бўйича илғор ташаббусларни илгари суриш;
  • ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат индикатив иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, яъни ижтимоий йўналтирилган иқтисодий лойиҳа ва дастурларнинг давлат томонидан кучли қўллаб-қувватланишига эришиш;
  • энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш, энергияни тежайдиган инновацион технологияларни жорий этиш;
  • уй-жой коммунал хизматлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг оптимал тариф ва қийматларини белгилайдиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  • уй-жой коммунал хизматлар соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, соҳага йўналтириладиган маблағларнинг самарали ва оқилона сарфланиши устидан депутатлар ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
  • бизнеснинг амалдаги қонунчиликда белгилаб қўйилган меҳнат муносабатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимни ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига амал қилиши учун масъулиятини оширадиган ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштириш ва ижросини назорат қилиш;
  • интеллектуал мулк объектлари (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтирога бўлган ҳуқуқлар ва бошқа) ҳуқуқлари бузилишига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;
  • юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилишни ва илғор илмий ва технологик ишланмаларни қўллаб-қувватлаш орқали миллий иқтисодиётнинг жаҳон тизимига интеграциясини кучайтириш.

Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали шакллари сифатида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш белгиланган:

  • қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратишга қаратилган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
  • «солиқ таътили» ва солиқ кредитлари, «давлат субсидиялари ва грантлари» (кичик корхоналарга солиққа тортилмайдиган тўғридан-тўғри бюджетдан маблағ ёки бошқа турдаги моддий ресурслар ажратиш) каби солиқ воситаларидан кенг фойдаланиш;
  • инновацион корхоналар, компаниялар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига давлат грантларини ажратиш.

Партия мамлакатнинг чекка ҳудудлари ва кичик шаҳарларнинг ривожланишини жадаллаштириш, ҳудудлар ва пойтахт орасидаги кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик мақсадида йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш ҳамда кичик шаҳарларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилиш зарур, деб ҳисоблайди ва давлатнинг «Урбанизация» дастурини қўллаб-қувватлайди.

«Тошкентнинг маъмурий марказини шаҳарнинг ҳозирги чегараларидан ташқарига кўчиришни, ақлли технологиялар асосида шаҳарнинг янги қисмини бунёд этишни таклиф қиламиз. Зеро, замонавий янги шаҳарнинг қурилиши — эски шаҳарнинг сақлаб қолинишига, уй-жойларнинг бузилмаслигига, ортиқча сарф-харажатларнинг қисқаришига хизмат қилади», — дейилади дастурда.

Партия Ўзбекистонда «ақлли бино, ақлли шаҳар» концепциясини кенг жорий этиш тарафдори. Ушбу концепция энергетик ва моддий ресурсларни истеъмол қилиш даражасини тушириш, қурилишнинг инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш, шаҳарларнинг «яшил белбоғлари»ни кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, тоза чучук сув манбаларини муҳофаза қилиш, шаҳарни режалаштириш ишларига ёндашувни тубдан ўзгартириш, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дов-дарахтлар кўлами ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил майдонлар барпо этиш каби чора-тадбирларни назарда тутади.

«Биз экологик ҳалокатнинг оқибатлари билан курашгандан кўра, унинг олдини олган маъқул, деб ҳисоблаймиз. Биз юқори даражали экологик зарар кўрган ҳудудларда (Оролбўйи, Марказий Фарғона ҳудудлари) экологик ҳолатни соғломлаштириш ва тиклаш бўйича чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, чекловчи давлат чораларини киритиш ва келтирилган зарарни давлат бюджети ҳисобига қоплаш учун қонунчилик базасини яратамиз ва масъулларга тегишли таъсир чораларини қўллаймиз», — дейилади дастурда.

Партия барча экологик муаммолар ечими ва улар билан боғлиқ фуқаролар саломатлиги муҳофазаси масалаларини фақатгина давлат бюджетига юклаб қўйиш нотўғри, деб ҳисоблайди. «Экологик ишлар» ва санкциялар ортга қайтмас хусусиятга эга бўлишини ва судгача олиб чиқилишини таъминлайди.

Шунингдек, рақамли технологиялар базасида иқтисодиётнинг барча соҳаларини янгилашни кўзловчи «Рақамли Ўзбекистон — 2030» Миллий дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш партиянинг устувор вазифалардан бири бўлади.

Номзоднинг қайд этишича, у ўз ўрнида содда ва барқарор солиқ тизимини қўллаш орқали «яширин» иқтисодиётга барҳам бериш, муқобил энергетика тизимини ривожлантириш орқали углеводород ресурслари сарфини камайтириш, келгуси 10 йилликда мавжуд энергия қувватларининг камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил этишига эришиш, жаҳоннинг илғор технологияларига асосланган ҳолда миллий автосаноатда электр двигателли енгил автомобиллар, автобус ва юк машиналари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 2030 йилга қадар ички ёнув двигателли транспорт воситаларининг камида 30 фоизини экологик тоза транспорт воситаларига алмаштириш, давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилишини сақлаб қолиш масалаларини ҳаётга тадбиқ қилади.

Номзод адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдори. У солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни тўлиқ ёки қисман солиқдан озод қилишни таклиф қилади.

Партия қишлоқ хўжалигида «ҳаётий ва самарали» деҳқончилик тарафдори. Бу борада ривожланган демократик мамлакатларнинг экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари саноатини рағбатлантиришнинг турли механизмларини қўллаш соҳасидаги тажрибасидан кенг фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни таклиф қилади.

«Мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқдир. Биз бугунги кунда давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига тушмаётганлигидан хавотирдамиз. Ундирувларнинг бир қисми давлат бюджетига тушмаган ҳолда айрим давлат органларига йўналтирилганлиги бизни мутлақо қониқтирмайди», — дейилади партия дастурида.

«Бундай ундирувлар фақат давлат бюджетига ундирилиши ва сўнгра, қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланиши зарур. Акс ҳолда, давлат божлари ва бошқа мажбурий ундирувлар парламент назорати доирасидан четда қолади ва айрим давлат органлари томонидан мақсадсиз фойдаланишга, ички коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлади».

Партия ташқи ва ички туризмни (экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми, спорт туризми) йўналишларини ривожлантириш, туристик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, маданиятли транспорт хизмати кўрсатиш орқали давлат бюджетини тўлдириш лозим, деб ҳисоблайди. Туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари (меҳмонхоналар, замонавий ахборот марказлари, оилавий мактабгача таълим муассасалари, ҳунармандлар ва рассомлар, санъаткорлар хизматлари, компьютер саводхонлиги, кутубхоналар ва ёш ижодкорлар тўгараклари) ташкил қилиш оркали янги иш ўринлари барпо этиш партиянинг доимий диққат-этиборида туради.

Бунинг учун иқтисодиётнинг муҳим бўғини ва қон томири ҳисобланган автомобиль йўлларини халқаро андозалар даражасига кўтаришни, транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солувчи йўл белгиларини тартибга солишни долзарб вазифа деб билади. Партия автомобиль йўлларига тақиқловчи белгилар ўрнатиш масаласини фақатгина халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида рухсат бериш тизимини жорий этиш таклифини киритади.

5. Юрт келажаги ватанпарвар ёшлар қўлида

«Инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир ва биз унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб биламиз», — дейилади партия дастурида.

Партия аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, қолаверса, таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларни устувор вазифалар сирасига киритади:

  • мактабгача таълим муассасаларида овқатлантириш тизимини янги инновациялар асосида янгитдан ташкил этиш. Бунда калорияли овқатлар ҳамда мия фаолиятини яхши ишлашида керак бўладиган витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олишига алоҳида эътибор бериш;
  • умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, эркак ўқитувчилар сонини кўпайтириш, синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш;
  • умумтаълим мактабларнинг бошланғич синфларида узайтирилган кун гуруҳларини жорий қилиш ва ўқувчиларни соғлом овқатлантиришни тизимли йўлга қўйиш;
  • ижтимоий-гуманитар йўналишдаги ўқув предметларини оптималлаштириш ҳисобига инсон ҳуқуқлари предметини жорий этиш;
  • касб-ҳунар таълимининг меҳнат бозори билан алоқасини янада мустаҳкамлаш, мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.

Партия ўқув жараёнининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўқувчилар ҳамда талабаларнинг кўнгилли хордиқ чиқариши, спорт билан шуғулланиши ва китоб мутоалааси учун зарур бўлган вақтни мақбуллаштириш мақсадида ўқув йилининг бошланиши муддатини қайта кўриб чиқишни таклиф қилади.

Республика бўйича мактаб ўқувчилари ягона формада юриши, улар ўртасидаги тенгсизликнинг олдини олиш баробарида, болаларни интизомга, оддийликка, самимийликка ўргатади.

«Биз умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш лозим, деб ҳисоблаймиз ҳамда дарсликларни ишлаб чиқишнинг амалдаги самарасиз тизими ўрнига мутлақо янги тизими — „Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти“ ташкил қилишни таклиф қиламиз», — дейилади дастурда.

Оиладаги замонавий жараёнлар, оилавий муносабатлар ижтимоий барқарорлик ва жамият хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим омили эканини ҳисобга олиб, партия қуйидагиларни амалга оширади:

  • Ўзбекистон ҳудудида қийин ҳаётий вазиятда бўлган оиланинг социологик портретини тузиш, уларни инқирозли вазиятдан чиқиш йўлларини яратиш, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • умумбашарий ва миллий оилавий қадриятлар, оилалардаги муносабатларнинг таҳлили асосида замонавий обод ва функционал оила мезонлари негизида моделини тузиш, шунингдек ушбу моделни жамиятда кенг тарғиб қилиш ва амаллиётга киритиш;
  • репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини узоқ муддатли режалаштириш, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғояни амалга ошириш.

Партия хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий-сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, муҳожирларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалаларига кенг эътибор қаратади.

6. Тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсат: миллий манфаатлар устунлиги

«Биз барча мамлакатлар ва халқаро институтлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган давлатнинг динамик ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз, Марказий Осиёнинг амалда барқарор, ҳар томонлама ривожланган ва яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйган минтақага айланиши тарафдоримиз», — дейилади партия дастурида.

Партия Ўзбекистон аъзо бўлган БМТ, ШХТ, МДХ, ЕХҲТ, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегишли ижтимоий ва инсонпарварлик дастурлари доирасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик тарафдори. Партия ижтимоий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, савдо ва инвестицион фаолият учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш мақсадида, трансчегаравий, транспорт-коммуникацион, инфратузилмавий ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори.

Бунинг учун партия:

  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро институтлар интеграциялашуви ва модернизацияси, халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг янги тизимини шакллантириш, хусусан, ШҲТ давлатларининг иқтисодий, гуманитар ва ижтимоий соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш;
  • оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро терроризм ва экстремизм, одам савдоси, гиёҳванд моддалар контрабандаси, ноқонуний миграция, экология муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, хусусан, меҳнат мигрантларининг хорижий мамлакатлардаги ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш чораларини кўришини таъкидлаган.

Бунинг учун биринчи галда Барча меҳнат мухожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳалқаро конвенция қоидаларини мамлакат қонунчилигида акс этиши ва қўлланиши чораларини кўради ҳамда тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари, шу жумладан, «Меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиқади.

Партия социал-демократиянинг «Бирдамлик» шиорига асосан мамлакатда азалдан ёнма-ён яшаб келаётган, ўзининг миллий, маданий ва диний анъаналарига эга халқларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш, бағрикенглик асосида қарор топган миллатлараро тотувлик ва динлараро ҳамжиҳатлик муносабатларини бундан кейин ҳам асраб-авайлаш, турли миллат ва элатларнинг уйғун равишда ривожланиши учун барча зарурий чораларни кўради. Партия умумбашарий бало-офатлар — гиёҳвандлик, экстремизм ва зўравонлик, фоҳишабозлик, одам савдоси ва бошқа иллатларга қарши бутун жамият билан якдил бўлиб, фаол кураш олиб боради.

«Биз миллий армиямиз қиёфаси, ҳарбий имкониятлари, моҳияти, ҳарбий жамоалардаги ахлоқий шароитни тубдан ислоҳ қилиш, қўшинни замонавий ва ишончли қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника, энг янги ўқув воситалари, ўқув-моддий база билан таъминлаш, қўшин таркибида замонавий АКТни жорий қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз», — дейилади дастурда.

Партия ҳарбийликнинг қийинчиликларини бошидан кечирган хизматчиларнинг оилалари ҳам иш билан таъминланиши, ўқиш, пенсия ва тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлишлари керак деб ҳисоблайди. Илгари ишлаш имконияти бўлмаган ёки мутахассислиги бўлмагани боис кам иш ҳақи эвазига ишлашга мажбур бўлган ҳарбийларнинг умр йўлдошлари учун пенсияларни алоҳида ҳисоблаш тартибини ўрнатиш зарур. Уларнинг умумий меҳнат стажига узоқ гарнизондаги бутун яшаш даврини киритиш, ўша пайтдаги иш ҳақи миқдорини эса ҳудуд учун қабул қилинган ўртача миқдорда белгилаш масалалари ҳам партия диққат-эътибори марказида бўлиши таъкидланган.