18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев экспорт Ўзбекистоннинг «ҳаёт-мамот» масаласи эканини айтди.

«Агар валюта баланси, инвестиция ёки конвертацияни давом эттирамиз десак, экспортни импортга нисбатан барқарор ушлаб туришимиз керак», — деди у.

Аввал ёзганимиздек, давлат раҳбари иқтисодий комплекс раҳбарияти (бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ва инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов) ҳамда вилоятлар ҳокимларининг 2024 йилга мўлжалланган 18 миллиард долларлик экспорт режаси унга «мутлақо маъқул эмас»лигини айтди.

«Иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқиш учун экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб боришимиз зарур. Одамларнинг жон бошига даромадини оширамиз десак, инвестиция керак бизга, экспорт керак бизга», — деди президент.

2023 йилнинг дастлабки 11 ойи ичида экспорт 23,3 фоизга (23,2 миллиард доллар), олтинни ҳисобга олмаганда эса — бор-йўғи 5,7 фоизга (15,05 миллиард доллар) ўсган. Импорт эса 34,1 миллиард долларга (23.3 фоиз) етган.

«Ўтган йили икки драйвер тармоқ, тўртта ҳудуд 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмларини камайтиргани учун 560 миллион доллар йўқотилди», — деди давлат раҳбари. Шу билан бирга, 10 та туман ва шаҳарларда экспорт аввалги йил кўрсаткичларининг ярмига ҳам етмаган, дея таъкидлади у йиғилишда.

Шавкат Мирзиёев инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Сатторовни лавозимидан озод қилди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳам, агар чорак охиригача вазиятни тузатмаса, ишдан бўшатилади.

Президент, шунингдек, инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарларини ишдан бўшатиб, уларга аниқ KPI белгилашни ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олишни буюрди. Натижага қараб шартнома узайтирилади ёки бекор қилинади.

Бошқарув ходимларини ишдан бўшатишдан олдин президент тизимдаги муаммоларни келтирди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги олти йил ичида 50 миллиард долларлик хорижий инвестициялар қабул қилинган, аммо уларнинг ялпи ички маҳсулотга, қўшилган қийматга ва экспортга таъсири бўйича раҳбарларнинг ҳеч бирида таҳлил йўқ.

Масалан, ўтган йили ялпи ички маҳсулот ва саноат ҳажми 6 фоизга ўсган, «бу жуда яхши кўрсаткич ҳозирги замон учун», аммо товарлар экспортида ўсиш кузатилмаган.

«Ҳудудларда молиялаштириш тўлиқ якунланган 8 триллион [сўм]лик 1000 та корхона ҳалигача ишга тушмаган», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Сентябрь ойи ўрталарида Марказий банк тижорий банклар ва бизнес учун валюта операцияларига бир қатор чекловлар қўйишни режалаштирган, аммо жамоатчиликнинг норозилигидан кейин қарор бекор қилинганди. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бу мижозларни назорат қилиш ва санкция таваккалчилигини камайтириш чораларини кўрадиган Банк назорати қўмитасининг қарори бўлганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, хорижий банклар Ўзбекистонда мижозларни текшириш етарли даражада эмаслиги туфайли тўловларни тасдиқламаган.

Шунингдек, у иккиламчи банк ҳисоб рақамлари орқали чет эл валютаси товарлар импорти доирасида ноқонуний олиб чиқиб кетилиши мумкинлигидан хавотирларини билдирган.

Ноябрь ойида Марказий банк юридик шахслар учун чет эл валютасини сотиб олиш шартларини ўзгартиришни таклиф қилган. Хусусан, валюта сотиб олиш учун ариза топширилганда, илова қилиниши керак бўлган қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилиши, норезидентлар хориждаги ҳисоб рақамларига ёки улар томонидан ташкил этилган хорижий корхоналарга ўтказадиган маблағнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин. Марказий банк конвертация қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар «валюта операцияларини чеклашни эмас, амалдаги нормаларни аниқлаштириш ва операцияларни амалга ошириш жараёнини соддалаштиришни» англатишини таъкидлаган. МБ раиси ўринбосари Бобир Абубакиров «орқага қайтиш бўлмаслигини» айтган.