Ўзбекистон Марказий банки тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектларига қўйлиган валюта операциялари бўйича янги чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда МБ бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов 16 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Аввалроқ мазкур қарор Марказий банк Банк назорати қўмитасининг 15 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида, сўнгра тартибга солувчи орган раҳбарияти томонидан қабул қилингани ҳақида ёзгандик.

Хусусан, 18 сентябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг чет эл валютасини сотиб олиш ва валюта операциялари билан боғлиқ амалиётлари фақат асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали ўтказилиши керак.

Шанба куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мамаризо Нурмуратов бир кун олдинги қарор бекор қилингани ва бу ҳақда тижорат банклари огоҳлантирилганини айтиб ўтди.

Тармоқларда шунингдек, МБнинг тижорат банкларига чекловларни ижро этмаслик юзасидан тегишли кўрсатма хати сурати ҳам тарқалди. Унда банк қўмитасининг 15 сентябрдаги қарори бекор қилингани қайд этилган.