Ўзбекистон Марказий банки жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ва бозор иштирокчиларида саволлар туғдирган валюта назорати тартибига ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси бўйича тушунтириш берди.

Эслатиб ўтамиз, регулятор юридик шахслар, норезидентлар ва хорижий инвесторлар томонидан хорижий валютани сотиб олиш шартларини ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Хусусан, валютани сотиб олиш учун ариза беришда талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилиши, норезидентлардан миллий валютадаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлигини ва бошқалар талаб этила бошлаши мумкин.

«Газета.uz» эксперт ва импортёрдан бу бўйича изоҳ олди, материал Марказий банк тушунтириши эълон қилинишидан аввал тайёрланган.

Эксперт

Молиячи Отабек Бакиров «Газета.uz»га берган интервьюсида, агар Марказий банк таклиф этилаётган ўзгартиришларни муҳим ва зарур деб ҳисобласа, уларни валюта операцияларини амалга ошириш тўғрисидаги қоидаларга эмас, балки жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат билан боғлиқ қоидаларга киритиш кераклигини таъкидлади.

«Илгари Марказий банк ўзгаришларни асосан валюта рисклари, комплаэнс-назорат билан асослаган. Менинг биринчи талабим шуки, бу Марказий банк, прокуратура ва Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган легаллаштириш бўйича ички назорат қоидаларида, ёки яхшироғи, даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонуннинг ўзида акс эттирилиши керак. Марказий банк осон йўлни танлагани учун бундай қилмаган бўлиши мумкин деб ўйлайман, чунки мазкур ҳолатда бу ўзгаришлар юзасидан прокуратура ва солиқ идоралари билан келишиш зарур бўларди. Шу сабабли ўзгартиришларни улар ўзлари ишлаб чиққан қоидага киритиш таклиф қилинмоқда», — деди у.

Эксперт ўзгартиришлар банкда операция бўйича шубҳа туғилса аризани қайтариб юборишни назарда тутади деб ҳисобламоқда.

«Айтайлик, мижоз чет эл валютасини сотиб олиш учун ариза беради, лекин банкда унинг импорт шартномаси юзасидан шубҳа бор. Марказий банк таклиф этаётган ўзгартиришларга бўйича банк аризани қайтариб юбориши керак бўлади. Ушбу ўзгартиришлар легализация қоидаларига киритилган тақдирда эса, банк аризани қайтариб юбора олмайди. Банк операцияни тасдиқлайди, бироқ операцияни шубҳали деб белгилайди ва бу ҳақда Бош прокуратура Департаментига хабар беради. Буларнинг орасида жуда катта фарқ бор», — дейди молиячи.

«Масалан, мижоз конвертация орқали Кипр ва Италиядаги компаниядан ускуна сотиб олади, бироқ операциядан кўриниб турибдики, ускуна аслида Россиядаги қандайдир афилланган компанияга учун. Бундай ҳолда, банк барибир валюта сотиб олишни тасдиқлаши керак, аммо операцияни шубҳали деб топиши ва бу ҳақда Бош прокуратурага хабар бериши керак. Кейин эса прокуратура бориб мижоздан хариднинг мақсади тўғрисида сўраши керак», — деди Отабек Бакиров.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда банклар шундоқ ҳам «хавфсизлик нуқтаи-назаридан» асословчи ҳужжатлар, жумладан, шартномалар, битимлар, инвойслар, кредитлар бўйича тўлаш графиги ва бошқа маълумотларни талаб қилмоқда.

Банкларнинг бош офисларида аризаларни кўриб чиқиш масаласига келсак, молиячининг таъкидлашича, шундоқ ҳам ҳозирда аризаларнинг қарийб 90 фоизи Тошкент шаҳрида тасдиқланмоқда. Бундан ташқари, аризаларни масофадан юбориш имкониятини тўлиқ ўрнатмаган банклар ушбу хизматни йўлга қўйиши керак бўлади.

Импортёр

Дори-дармонларни импорт қилувчи маҳаллий фармацевтика компанияси раҳбари, шахсини ошкор этмаслик шарти билан, 2017 йилда валюта бозори либераллаштирилганидан сўнг яқин-яқингача валюта конвертациясига ариза бериб, ҳеч қачон рад жавобини олмаганини айтди.

У янги тузатишлар киритилгандан сўнг, банклар «хорижий валютага бўлган талабни сунъий равишда камайтириш» учун Ўзбекистонга валюта оқимининг камайиши, савдо дефицитининг ошиши (импорт экспортдан сезиларли даражада ошиши) ва сўмнинг қадрсизланиши фонида турли сабабларга кўра конвертациядан бош тортиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

«Орқага қайтиш бўлмайди»

Ўзбекистон Марказий банки «Газета.uz» сўровига жавобан, ўзгартиришлар қуйидагиларга мақсадларга қаратилганини қайд этди:

  • янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда қоидаларда ўрнатилган нормалар ва талабларни мувофиқлаштириш;
  • қоидаларда белгиланган нормаларни турлича талқин қилиш ҳолатларини бартараф этиш учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини харид қилишда хизмат кўрсатувчи банкларга тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатларни аниқ белгилаб қўйиш. Регулятор ҳозирда турли банклар турли сондаги ҳужжатларни талаб қилаётганини таъкидлади;
  • чет эл валютасини сотиб олиш учун берилган аризаларни кўриб чиқиш жараёнини янада соддалаштириш (вақт ва маблағлар беҳуда сарфланишининг олдини олиш) учун дастлабки босқичда аризаларни кўриб чиқиш функциялари банкнинг бош офисидан филиалига ўтказилади;
  • норезидент жисмоний шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш учун уларнинг нақд хорижий валютасини республика ҳудудида қонуний равишда бўлиб турганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида банк кассасида қабул қилиш механизмини жорий этиш;
  • мижозларга тушунарли бўлиши учун қоидаларнинг турли бандларида кўрсатилган банк кассалари орқали мижозларга нақд хорижий валютани бериш билан боғлиқ қоидаларни алоҳида бандда ажратиб кўрсатиш.

«Мазкур ҳужжатга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар валюта операцияларини чеклаш ёки қатъийлаштиришни эмас, балки амалда мавжуд нормаларга аниқлик киритиш, айрим операцияларни амалга ошириш жараёнини янада соддалаштириш, тарқоқ нормаларни умумлаштиришни назарда тутади», — дейилади Марказий банк хабарида.

Регулятор ҳужжат лойиҳасидаги банк филиалида аризани олдиндан текшириш бўйича қарорини тушунтирган. Марказий банк маълумотларига кўра, таҳлиллар юридик шахсларнинг хорижий валютани сотиб олиш бўйича аризаларида турли хил майда камчиликлар (шартноманинг нотўғри кўрсатилиши, валюта номининг нотўғри ёзилиши каби оддий, техник хатолар) мавжуд бўлган ҳолларда ҳам, ушбу аризалар кўриб чиқиш учун бош банкнинг таркибий бўлинмасига юборилаётгани, сўнгра эса банк раисининг ўринбосари аризани рад этаётганини кўрсатган.

Бу ҳолат, ўз навбатида, вақт ва ресурсларнинг ортиқча ҳамда беҳуда сарфланишини талаб қилиб, тадбиркорлик субъектларига ноқулайлик туғдирмоқда, дейилади Марказий банк хабарида. Шу боис, банк филиалларида дастлабки текшириш босқичи ва камчиликлар мавжуд бўлса уларни бартараф этиш учун аризани қайтариш механизми жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, банкнинг таркибий бўлинмаси аризаларни тасдиқламайди, чунки буни банк раисининг ўринбосари амалга оширади.

Марказий банк раиси ўринбосари Бобир Абубакиров пайшанба куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда «орқага қайтиш бўлмайди», дея таъкидлади. «Ҳужжатда процедурани соддалаштириш ва банк мижозлари учун ортиқча қоғозбозликнинг олдини олиш мақсадида техник ўзгартиришлар гап борган. Ўзгартиришлар ҳеч қандай чекловларни назарда тутмайди», — деди у.

Унга кўра, ҳужжат лойиҳа мақомига эга ва жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. У фойдаланувчилардан изоҳ ва таклифларни қолдиришни сўради ва улар ҳужжатни кўриб чиқишда инобатга олинишини қайд этди.