Ўзбекистон Марказий банки Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Тузатишларда тадбиркорлик субъектлари томонидан чет эл валютасини харид қилиш устидан назоратни кучайтириш таклиф этилмоқда. Валюта сотиб олиш учун ариза топширилганда, илова қилиниши керак бўлган қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилиши мумкин. Жумладан:

  • валюта операциясини амалга ошириш учун тузилган шартнома (шартнома, битим, счёт-фактура);
  • лизинг ва хорижий валютадаги кредитларга хизмат кўрсатишда — асосий қарз ва фоизлар тўловларини қайтариш жадвали;
  • хорижий инвесторларнинг фойдалари, дивидендлари ва бошқа даромадлари репатриация қилинганда — фойда тақсимоти, дивидендлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат, аудиторлик ташкилоти ёки солиқ органининг хулосаси, шунингдек солиқ органининг даромад солиғи тўлангани тўғрисидаги тасдиқномаси.

Айрим ҳолларда банк миллий валютадаги маблағларнинг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам талаб қилиши мумкин бўлади. Хусусан, норезидентлар хориждаги ҳисоб рақамларига ёки улар томонидан ташкил этилган хорижий корхоналарга маблағ ўтказишса.

Лойиҳага кўра, сўм маблағларини хорижий валютага конвертация қилишда, банклар томонидан Ўзбекистон банкларидан олинган хорижий валютадаги кредитлар (лизинг) бўйича муддати ўтган қарздорликни ундириш учун мижознинг ҳисобварағидан маблағларни акцептсиз ҳисобдан чиқаришда мижознинг аризаси талаб қилинмайди.

Хорижий валютани харид қилиш бўйича аризалар шу куниёқ дастлабки текшириш учун банк филиалига юборилиши кутилмоқда. Қоидаларнинг амалдаги таҳририда ариза банкнинг алоҳида таркибий бўлинмаси томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.

Лойиҳага кўра, агар дастлабки текшириш вақтида ариза тегишли тартибда тўлдирилмагани ёки тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлиги аниқланса, банк филиали камчиликларни бартараф этиш учун аризани мижозга қайтаради. Агар хатолар бўлмаса, ариза кўриб чиқиш учун бош банкнинг таркибий бўлинмасига юборилади.

Яъни, эндиликда валюта сотиб олиш бўйича аризалар банк филиалларида маъқулланса, ўзгартиришлар киритилган тақдирда якуний қарор бош банк томонидан қабул қилинади.

Норезидентлар Ўзбекистон банкларида очилган миллий валютадаги ҳисобварақларига қонуний йўл билан топилган маблағлари тегишли тасдиқловчи хужжатлар асосида киритилади

Норезидент жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операциялари, агар маблағларнинг қонуний келиб чиқиши тўғрисида далиллар мавжуд бўлса, амалга оширилиши таклиф этилади. Банклар томонидан декларацияни талаб қилмайдиган миқдорда импорт қилинган хорижий валютани сотиб олиш бундан мустасно. Ҳозирча бу сумма 70 млн сўм эквивалентини ташкил этади (6 декабрдан — 100 млн сўм).

Бундан ташқари, норезидентлар томонидан бир қатор банк операцияларини амалга оширишда ҳужжатларни — божхона декларацияси ёки ўтказма тўғрисидаги ҳисобварақдан кўчирмани тақдим этиш бўйича истисноларни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, муайян ҳисоб-китоблар учун (банк хизматларини кўрсатиш, юридик шахснинг ҳисоб рақамига устав капиталини киритиш, хайрия) бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш мумкин, деб ёзмоқда Spot.

Лойиҳа муҳокамаси 19 ноябргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи ўрталарида Марказий банк Ўзбекистонда банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта операцияларига айрим чекловлар жорий этишни режалаштирган эди, бироқ жамоатчилик эътирозидан сўнг бу қарор бекор қилинди. Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов мазкур ҳужжат Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори бўлиб, унда банкларга мижозларни назорат қилиш ва санкция таваккалчиликларини камайтириш чораларини кўриш топширилганини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда мижозларни етарли даражада текшириш ўтказилмагани учун хорижий банклар тўловларни маъқулламаган.

Шунингдек, у импорт қилинадиган товарлар учун иккиламчи банк ҳисобварақлари орқали чет эл валютаси ноқонуний равишда олиб қўйилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.