18 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида экспорт соҳасидаги ишлар аҳволи таҳлил қилиниб, комплекс раҳбарияти ва ҳокимларнинг 2024 йил учун экспорт режаси етарли эмаслиги қайд этилди.

Иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқиш учун, экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб боришимиз зарур
— деди президент.

2023 йилда 2 та драйвер тармоқ ва 4 та ҳудудда 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмлари камайгани қайд этилди. Шунингдек, 10 та туман ва шаҳарда экспорт олдинги йил кўрсаткичининг ярмига ҳам етмагани таъкидланди.

Шу муносабат билан бош вазир Абдулла Ариповга Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар (айнан қайси ҳудудлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмади) ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди.

Йиғилишда, шунингдек, мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, Японияга 58 турдаги мева-сабзавотга фитосанитар рухсат олингани билан 52 тури бўйича, Ҳиндистонга 38 тадан 32 таси, Покистонга 22 тадан 18 таси, АҚШга 15 тадан 11 таси бўйича экспорт бўлмаган.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ўртасида маҳсулотлар экспортини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик йўқлиги танқид қилинди. Эндиликда агентлик нафақат фитосанитар рухсат олиш, балки қишлоқ хўжалиги экспортини ташкиллаштириш учун ҳам масъул бўлади. Бунинг учун карантин тизими, иш услуби ва ёндашувлари тўлиқ ўзгаради, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Мазкур йиғилишда инвестициялар соҳасида чорак якунигача ўзгариш қилмаса, комплекс учун масъул бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Шунингдек, ўз тизимидаги камчилик ва сусткашлик бўлгани учун инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Сатторовни лавозимидан озод этилди.