Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида 57,3 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,88 млрд долларга ёки 26,2 фоизга ўсди, дейилади президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида.

Экспорт 30,6 фоизга — 23,2 млрд долларгача, импорт — 34,1 млрд долларгача ошди (+23,3 фоиз). Ташқи савдо тақчиллиги рекорд даражага етди ва 10,9 млрд доллардан ошди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан (9,89 млрд доллар) 1 млрд долларга кўпроқ ҳисобланади. Олтин экспортига қарамай, фарқ кенгайишда давом этмоқда.

Экспорт

Ноябрь ойида экспорт миқдори 2,73 млрд долларни ташкил этди, бироқ бунинг деярли ярми олтин ҳиссасига тўғри келди. 1,28 млрд долларлик қимматбаҳо металл сотилди (бу Марказий банкнинг олтин-валюта захираларининг камайишига олиб келди). Олтин экспорти йил бошидан буён рекорд даражадаги 8,15 млрд долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баравар кўп.

11 ой ичида олтин етказиб бериш мамлакат экспортнинг учдан бир қисмидан кўпроғини (35,1 фоиз) ташкил этди.

Экспортда саноат маҳсулотларининг улуши кескин пасайиб, 22,3 фоиздан 16,2 фоизга тушди, етказиб бериш ҳажми ҳам 3,96 млрд доллардан 3,75 млрд долларгача қамайди. Машина ва транспорт ускуналари сотуви эса 875 млн доллардан 1,2 млрд долларга ошиши ҳисобига уларнинг экспортдаги улуши ҳам 4,9 фоиздан 5,2 фоизгача ошди.

Олтинсиз экспорт атиги 5,7 фоизга ўсиб, 15,05 млрд долларни ташкил этди. Яъни, агар олтин экспорти бўлмаганида, савдо дефицити 19 млрд доллардан ошган бўларди.

Савдо 11 ой давомида сабзавот ва меваларда 1,1 млрд долларгача (+6,3 фоиз), дон маҳсулотларида 443,3 млн долларгача (+43,3 фоиз), нефть ва нефть маҳсулотларида 297,2 млн долларгача (+2,1 марта), автомобиллар қисмлари ва анжомларида 344,8 млн долларгача (+31,8 фоиз), автомобилларнинг ўзида 112,6 млн долларгача, энергия ишлаб чиқарувчи машина ва ускуналарда 166,2 млн долларгача (+7,5 фоиз), телекоммуникация ва овоз ёзиш ускуналарида 107,7 млн долларгача (2,3 марта), электр машиналари, аппаратлари ва асбобларида 209,7 млн долларгача (+0,7 фоиз) ошди.

Шу билан бирга, етказиб бериш тўқимачилик маҳсулотларида 3,3 фоизга ёки 2,8 млрд долларгача, газда 509,4 млн долларгача (-44,6 фоиз), электр энергиясида 62,8 млн долларга (-45,8 фоиз), ўғитларларда 310,8 млн долларгача (-21,1 фоиз), рангли металларда 1,28 млрд долларгача (-4,1 фоиз) камайган.

Импорт

Импортга келсак, озиқ-овқат хариди юқори даражада қолмоқда: дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар 1,03 млрд доллар (+7,8 фоиз), шакар, шакар ва асал маҳсулотлари 511,1 млн доллар (-3,5 фоиз), қаҳва, чой, какао, зираворлар 344 млн доллар (+24 фоиз), ўсимлик мойлари ва ёғлар 321,6 млн доллар (+29,4 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлари 308 млн доллар (+8,5 фоиз), сабзавот ва мевалар 301,9 млн доллар (+22,6 фоиз), сут маҳсулотлари ва тухум 192,7 млн доллар (+34,5 фоиз).

Нефть ва нефть маҳсулотлари (1,38 млрд доллар, +26,9 фоиз), кўмир, кокс ва брикетлар (189,2 млн доллар, +78,8 фоиз) ҳам импорти ошди. Газ етказиб бериш 2,1 бараварга — 562,7 млн долларгача кўпайди. Агар сентябрь ойида 286 млн долларлик газ импорт қилинган бўлса, октябрда 73,8 миллион долларлик, ноябрда эса 1 млн долларлик импорт амалга оширилган.

Автомобиллар импорти 1,56 млрд долларга (2,2 баравар), эҳтиёт қисмларники 1,34 млрд долларга (+16,8 фоиз), самолётлар ва бошқа учувчи аппаратлар импорти эса 753,6 млн долларгача (3,4 баробар) ошди. Шу билан бирга, ноябрь ойида 139,5 млн долларлик самолётлар етказиб берилди.

Ўғитлар импорти 2,4 баробар ошиб, 155,8 млн долларни ташкил этди. Аввал хабар берганимиздек, етказиб беришнинг кескин ўсиши камроқ газ олган «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Йўқотишларни қоплаш учун Россиянинг «Тольяттиазот» компаниясидан 64,2 минг тонна аммиакли селитра ишлаб чиқариш учун 55,3 минг тонна аммиак импорт қилинган (мамлакатдаги умумий ишлаб чиқаришнинг 8 фоизи).

Шуниси эътиборга лойиқки, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари импорти аввалги йилларда барқарор ўсиб келган бўлса-да, ҳисобот даврида 1,45 млрд долларга (-1,4 фоиз) камайган.