Ўзбекистон Марказий банки шанба куни бекор қилинган тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари учун валюта операцияларига чекловлар жорий этиш тўғрисидаги қарорига изоҳ берди.

Регулятор хабарида айтилишича, 15 сентябрь куни Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ «валюта операцияларининг шаффофлигини таъминлаш» ва уларнинг мониторингини такомиллаштиришни назарда тутувчи қарор қабул қилинди.

Марказий банкнинг маълум қилишича, хорижий ҳамкор банклар валюта тўловларини амалга оширишда мижозларни лозим даражада текшириш (KYC — «мижозингни бил») бўйича ишларни кучайтириш бўйича тез-тез талаблар юбора бошлаган. Улар, шунингдек, учинчи банкларнинг мижозлари томонидан трансчегаравий пул ўтказмалари тўхтатилгани ҳақида хабар беришган.

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида хорижий банклар маҳаллий банк мижозни санкциявий комплаенсга риоя қилиш талаблари доирасида синчковлик билан текширганига ишонмаслигини таъкидлади. Шу сабабли, тадбиркорларнинг тўловлари «тутилиб қолган» ва чет элдаги ҳамкорларнинг ҳисобларига етиб бормади.

Валюта операцияларини тўғри ҳисобга олиш ва мониторингини амалга ошириш учун хорижий валютани олиш билан боғлиқ хўжалик валюта операциялари асосий ҳисоб рақами очилган банклар орқали амалга оширилиши белгиланди, дея тасдиқлади Марказий банк.

Ҳозир худди шундай амалиёт капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларини амалга оширишда ҳам қўлланилади (2536-сон, 17 декабрь 2013 йил).

Бундан ташқари, жума кунги валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари (3281-сон, 2020 йил 31 август) белгиланган талабларга кўра, хўжалик юритувчи субъектларга хорижий валютани сотиш операцияларини банкларда ташкил этилган таркибий бўлинмалар (экспертлик гуруҳлари) хулосалари асосида амалга оширилиши таъкидланган.

«Банк назорати қўмитасининг мазкур қарорида хўжалик юритувчи субъектларнинг чет эл валютасини сотиб олиш ва бошқа валюта операциялари чекланиши назарда тутилмаган. ББундан ташқари, иккиламчи ҳисобварақларга хизмат кўрсатувчи банкларда санкциялар ва комплаенс-назорат қоидаларига амал қилинишини лозим даражада текшириш имконияти чегараланганлиги сабабли ушбу қарорга келинган эди», — дейилади хабарда.

Санкциявий комплаенс — бу санкциялар чекловларини бузиш хавфини камайтириш учун зарур бўлган банкнинг ички низом ва қоидалари тизими.

Марказий банк оммавий ахборот воситалари ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган «таклиф ва эътирозларни инобатга олиб», хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта амалиётларини асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали ўтказиш лозимлиги юзасидан қабул қилинган қарор бекор қилингани қайд этган.

Шу билан бирга, банклар мижозларнинг иккиламчи ҳисобварақларига тегишли тартибда хизмат кўрсатишда мувофиқликни назорат қилиш талабларига риоя этишлари шарт. Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев таъкидлашича, бугунги кунда қонунчиликда шундай талаб бор — банклар ўз мижозларини текшириши ва билиши шарт.

«Аммо банклар мижозларнинг иккинчи ва учинчи ҳисобварақаларини тўлиқ текшира олмайди ва очиғини айтганда, текширмайди. Биз улар текширмаётгани ҳақидаги фактларни биламиз. Сабаби, мижознинг асосий ҳисобварағи бошқа банкда, унинг фаолияти у ерда амалга оширилади. Биз ҳамма нарса асосий ҳисобварақа орқали бўлишини хоҳладик, аммо ҳозир [қарор] бекор қилинмоқда. Бироқ банклар иккиламчи ва учинчи ҳисобларни текширишга йўналтирилади, аммо бундай мониторинг етарли бўлмайди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қарорда тадбиркорлик субъектларининг иккиламчи ҳисобварақлар очиши чекланиши кўзда тутилмаган. «Улар бизда хоҳлаганча ҳисоб очишлари мумкин. Мижозга маълум бир хизмат кўрсатиш шартномавий муносабатлардир. Биз тадбиркорга эмас, банкка айтамизки, у шартномада ушбу [валюта] операциясини [иккиламчи ҳисобварақадан] амалга ошира олмаслигини кўрсатиши керак. Хоҳласа, буни асосий ҳисоб орқали амалга ошириши мумкин», — дейди Беҳзод Ҳамроев.

Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратовнинг таъкидлашича, кўрсатмалар, 32 та банкдан 7 таси тегишли. Улардан 5 таси давлат банки.

Конвертация ҳақида гап кетганда, 2021 йил февраль ойидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига бу жараённи осонлаштириб, валютани иккиламчи ва бошқа банк ҳисобварақлари орқали конвертация қилишга рухсат берилди. Бироқ, санкцияларга риоя қилиш талабларини кучайтиришни ҳисобга олган ҳолда, фақат асосий ҳисоб орқали конвертация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак эди, деди у.

Мамаризо Нурмуратов «жамият қабул қилмаган қарор, бу нотўғри қарор» эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги талаблар бўйича мунозаралар «жуда чуқурлашиб кетган» ва баъзи блогерлар «эски кунларни эслаб қолишган». Марказий банк раиси «либерализациядан ортга қайтиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», деб таъкидлади.

Қарор нега муҳокама учун эълон қилинмагани ҳақидаги саволга тартибга солувчи орган раҳбари банклар томонидан назорат чораларини кўриш ва рискларни камайтириш бўйича қарор Марказий банк қўмитасига тегишли, деб жавоб берди. Бу Марказий банк қабул қилишдан олдин одатда жамоатчилик муҳокамасига қўядиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас (буларга қонунлар, фармонлар, президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқалар киради).

Мамаризо Нурмуратов Марказий банк қарорнинг мазмун-моҳиятини тўғри етказа олмагани, шу сабабли турли салбий талқинлар пайдо бўлганини тан олди.