18 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашликка йўл қўйгани учун инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Сатторов лавозимидан озод қилинди.

Инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди. Натижага қараб шартнома узайтирилади ёки бекор қилинади.

Маълумот учун, Бадриддин Абидов 2018—2019 йилларда ташқи савдо вазири ўринбосари, 2019−2022 йилларда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бўлган. 2023 йилнинг февралидан ҳозирги вақтгача ушбу лавозимда ишлаб келаётганди.

Дилшод Сатторов 2018 йил августида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига («Ўзстандарт») бош директор этиб тайинланган. 2021 йилнинг июнида агентлик тугатилиб, унинг функциялари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги янги агентлик (Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги) назоратига ўтган.

Аввалроқ ушбу мажлисда инвестициялар соҳасида чорак якунигача ўзгариш қилмаса, комплекс учун масъул бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши маълум қилинганди.

Шунингдек, Абдулла Ариповга экспорт ҳажмлари камайгани учун Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилган.