Ўзбекистон Марказий банки 18 сентябрдан бошлаб тижорат банклари учун валюта операцияларига қўйиладиган талабларни кучайтирмоқда. Бу ҳақдаги қарор Марказий банк Банк назорати қўмитасининг 15 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида, сўнгра тартибга солувчи орган раҳбарияти томонидан қабул қилинган. «Газета.uz»га маълумотни банк соҳасидаги бир нечта мустақил манбалар тасдиқлади.

Хусусан, хўжалик юритувчи субъектларнинг чет эл валютасини сотиб олиш ва валюта операциялари билан боғлиқ амалиётлари фақат асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали ўтказилиши керак.

Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектларга хорижий валютани сотиш операцияларини ҳар бир банкда ташкил этилган таркибий бўлинмалар (раис ўринбосари раҳбарлигида экспертлик гуруҳлари) хулосалари асосида амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Шунингдек, мижозларнинг асосий ҳисобварақларидан валюта конвертациясини қилиш мақсадида миллий валютадаги маблағларни бошқа банклардаги иккиламчи ҳисобварақларига ўтказиш ҳам тақиқланади.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар — мижозларнинг бошқа банкларда очилган ва бошқа банк мижозларига банкларда очилган иккиламчи махсус валюта ҳисобварақлари ёпилади. Бошқача қилиб айтганда, мижозлар бошқа банклардаги махсус ҳисобварақларини ёпиши, фақат битта ҳисоб рақамига эга бўлиши, яъни конвертацияни фақат битта банк орқали амалга ошириши керак.

Конвертация қилиш учун сотиб олинган валютанинг мамлакат ичида бухгалтерия ҳисоби ва ҳаракатини юритиш учун махсус валюта ҳисобварақларидан фойдаланилади. Махсус ҳисобварақдан конвертация қилинган валюта шартнома бўйича импорт учун тўланиши ёки конвертация қилишдан кўзланган бошқа мақсадларда ишлатилиши мумкин. Экспорт ёки бошқа даромадлар бўйича (низом, қарз) эркин валюта жорий валюта ҳисобварақларига тушади.

Бундан ташқари, қаноатлантирилган буюртмалар бўйича операцияларни валюта сотиб олинган кундан эътиборан етти иш кунида якунлашга рухсат берилади. Ҳозирда бу жараён тахминан бир кун давом этади.

Манбаларнинг тушунтиришича, гап мижознинг сотиб олинган чет эл валютасидан маблағлар махсус валюта ҳисобварағига тушган пайтдан бошлаб етти кун ичида фойдаланиш мажбурияти ҳақида кетаётган бўлиши мумкин (бундай бандлар аллақачон баъзи банкларнинг шартномаларида мавжуд).

Барча тижорат банклари раҳбарлари мазкур талабларга риоя этилмаган такдирда банкга нисбатан валюта операцияларини амалга оширишга доир чекловлар ўрнатитилиши ҳамда республика валюта биржаси савдоларида иштирок этишини чеклаш ва бошқа тегишли чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилади.

«Газета.uz» янги талабларга тушунтириш олиш учун Марказий банкка сўров юборди.

Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён миллий валюта 8 фоизга (бутун 2022 йил учун — 4 фоиздан кам) қадрсизланди — 11 246 сўмдан 12 154 сўмгача. 10 август куни пул ўтказмалари ва экспортдан тушадиган валюта тушумларининг қисқариши фонида доллар дарҳол 400 сўмга мустаҳкамланди. Олтин-валюта захиралари эса йил бошидан буён 3 млрд долларга камайди.