Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимовга нисбатан иккита янги жиноий иш қўзғатилмоқда, дея хабар қилди Tengrinews МХҚ матбуот хизматига таяниб.

МХҚнинг маълум қилишича, махсус хизматнинг собиқ раҳбари ўта йирик миқдорда пора олиш ва жиноий йўл билан топилган пул ва мол-мулкларни легаллаштиришда гумонланмоқда.

Янги тергов бошлангани муносабати билан Масимов колониядан Остонадаги МХҚ тергов изоляторига олиб кетилди, дейилади хабарда.

2016 йилдан буён МХҚни бошқарган Карим Масимов 2022 йил январида Қозоғистонни қамраб олган тартибсизликлардан сўнг дарҳол ҳибсга олинган эди.

Шу йилнинг апрель ойида Остона суди Масимовни давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айблаб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Унинг собиқ ўринбосарлари Ануар Садикулов, Даулет Ергожин ва Марат Осипов ҳам айбдор деб топилди. Улар 3 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.