2024 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон 3,42 миллиард долларлик олтин экспорт қилди, дейилади Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган ҳисоботида.

Бу 2023 йилнинг шу даврига (3,06 миллиард доллар) нисбатан 11,8 фоизга кўп ҳисобланади. Апрель ойида хорижга қимматбаҳо металл етказиб бериш 758,3 миллион долларни, март ойида 1,35 миллиард долларни, февралда 1,32 миллиард долларни ташкил этди.

Олтиннинг мамлакат умумий экспортидаги улуши 39,3 фоиздан (2023 йил январь-апрель ойларида) 40,3 фоизгача ошди.

Март ойида олтин котировкалари бир унция учун 2250 доллардан 2328 долларга (+3,4 фоиз) кўтарилди ва тарихий энг юқори даражасига чиқишда давом этмоқда. Масалан, 21 май куни олтиннинг трой унцияси қиймати Нью-Йорк фонд биржасида ўзининг тарихий максималини янгилади ва йил бошидан буён 2452,6 долларгача кўтарилди, нархи 17,8 фоизга ошди.

статистика, статистика агентлиги, ташқи савдо, олтин, олтин экспорти

Жаҳон бозорида олтин нархининг ўсиши фонида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,1 миллиард долларгача ошди. Шу билан бирга, заҳирадаги қимматбаҳо металнинг физик ҳажми 1,24 тоннага камайди ва 2022 йилнинг май ойидан буён минимал даражада қолмоқда.

Март ойида Ўзбекистон яна 11 тонна қимматбаҳо металл сотган ҳолда дунёдаги энг кўп олтин сотувчи бўлганди. Февраль ойида мамлакатда 12 тонна қимматбаҳо металл сотилган.