22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида марҳум президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросими бўлиб ўтади. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ушбу маросимда мамлакат делегацияси ҳам иштирок этиши ҳақида хабар берди.

Делегацияга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери Нурдинжон Исмоилов бошчилик қилади.

Эслатиб ўтамиз, сешанба куни Шавкат Мирзиёев Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, президент Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан Эрон халқига ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари ҳамдардлик китобига таскин сўзларини ёзиб қолдирди.