Остона жиноят ишлари бўйича суди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси, мамлакат собиқ бош вазири Карим Масимов ва унинг ўринбосарлари Ануар Садиқулов, Даулет Ергожин ва Марат Осиповга нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳукмни эълон қилди, дея хабар қилди суд матбуот хизмати.

Иш суд томонидан «Ўта махфий» мақоми остида кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

Суд Карим Масимовни Жиноят кодексининг 175-модданинг 1-қисми (Давлатга хиёнат), 179-моддасининг 3-қисми (Ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш), 362-моддаси 4-қисми 3-банди (Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топди.

«Жазолар қисман қўшилган ҳолда, Карим Масимовга мулки мусодара қилиниб, давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди», — дейилади суд матбуот хизмати хабарида.

Ануар Садиқулов, Даулет Эргожин ва Марат Осипов ҳам айбдор деб топилиб, 3 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Карим Масимов ва унинг собиқ ўринбосарлари суд қарори билан генераллик унвонлари ва давлат мукофотларидан маҳрум этилди. Давлат ҳисобига 10 миллиард тенге ва 24 миллион доллардан ортиқ маблағ ундирилди.

Эслатиб ўтамиз, Карим Масимов 2016-йилнинг сентябридан 2022-йилнинг 6-январига қадар Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқарган. У ўтган йил бошида Қозоғистондаги оммавий норозилик намойишлари вақтида ишдан бўшатилган ва бир неча кундан сўнг давлатга хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Аввалроқ унинг бир нечта квартираси ва қасри, 17,2 миллион доллар нақд пули, олтин қуймалари, 11 та автомобили ва бошқалар борлиги хабар қилинганди.