Европа Иттифоқи Кенгаши 21 май куни сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишни тартибга солувчи дунёдаги биринчи қонунни маъқуллади. Бу ҳақда қонун чиқарувчи орган сайтида хабар берилди.

«Бугун [ЕИ] Кенгаш СИ қоидаларини уйғунлаштиришга қаратилган илғор қонунларни маъқуллади… Қонун асосида хавф-хатар асносидаги ёндашув ётади, яъни жамиятга зарар етказиш хавфи қанчалик юқори бўлса, қоидалар шунчалик қаттиқроқ бўлади», — дейилади хабарда.

Кенгаш ҳужжат СИни тартибга солиш бўйича глобал стандартларни белгилаши мумкин, деб ҳисоблайди.

Янги қонун СИга асосланган турли хил тизимларни хавфига қараб таснифлайди. Чекланган хавфга эга СИ тизимлари «жуда оддий» шаффофлик талабларига бўйсунади. Юқори хавфли СИ тизимлари ЕИ бозорига кириш учун бир қатор мажбуриятларни бажариши керак бўлади.

Фуқаролар ҳуқуқларига таҳдид соладиган баъзи СИ иловалари тақиқланади. Хусусан, биометрик идентификация тизимлари, «ижтимоий рейтинг» тизимлари, шунингдек, инсон хатти-ҳаракатларини бошқарадиган ёки одамларнинг заиф томонларидан фойдаланадиган СИлар тақиқланади.

Қонун март ойида Европарламент томонидан маъқулланган эди. Ўшанда депутатлар ҳужжатнинг мақсади «асосий ҳуқуқлар, демократия, қонун устуворлиги ва экологик барқарорликни юқори хавфли сунъий интеллектдан ҳимоя қилиш, шунингдек, инновацияларни рағбатлантириш ва Европани бу соҳада етакчи қилиш» эканини таъкидлаганди.

Энди ҳужжат ЕИ Кенгаши ва Европарламент раҳбарлари томонидан имзоланиши керак, шундан сўнг у тахминан бир ойдан кейин кучга киради. ЕИ мамлакатларига ундан фойдаланишга тайёргарлик кўриш учун икки йил вақт берилади.