Эронда президент Иброҳим Раисий вафотидан кейин навбатдан ташқари президентлик сайлови 28 июнь куни бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Tasnim агентлиги.

Сайлов санаси бўйича қарор махсус кенгаш томонидан қабул қилинган — унинг таркибига Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф, мамлакат суд тизими раҳбари Ғулом Ҳусайн Моҳсени-Эжей ва биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер киради.

Номзодларни рўйхатга олиш 30 майдан 3 июнгача, сайловолди тарғибот ишлари эса 12 июндан 27 июнга қадар давом этади.

Мамлакат конституциясига мувофиқ, Раисийнинг ваколатлари вақтинча Муҳаммад Мохберга ўтган. У Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан тасдиқланганидан кейин 50 кун давомида ижроия ҳокимиятини эгаллайди.

Bloomberg`нинг ёзишича, Эроннинг маънавий раҳбарияти, эҳтимол, ўта консерватив Раисий каби номзодни президент сифатида кўришни хоҳлайди. Мохбернинг ўзи номзод бўладими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас, дея таъкидлайди агентлик.

  • Ичида Иброҳим Раисий бўлган вертолёт 19 май куни Эрон шимоли-ғарбидаги тоғли ҳудудга қулаб тушганди. У Озарбайжон билан чегарадаги Аракс дарёси тўғонининг очилиш маросимидан қайтаётган эди. Унга ҳамроҳлик қилган делегация, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ҳам вафот этган.
  • Раисийнинг дафн маросими 23 май куни у туғилган шаҳар Машҳадда бўлиб ўтади. Марҳум билан видолашув маросими 21 май куни Табризда бошланган. Кейин президентнинг жасади Қум, Теҳрон ва Биржандга ҳам юборилади. Эронда беш кунлик миллий мотам эълон қилинди.
  • Ўзбекистон делегацияси Теҳронда Раисий билан видолашув маросимида иштирок этади. Унга парламент қуйи палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилик қилади.