6 январь куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов қўлга олинди, деб хабар бермоқда Tengrinews нашри.

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов ва бошқа шахслар қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган», — дейилади хабарда.

Тергов манфаатлари учун бошқа маълумотлар ошкор этилмаган.

Нашрнинг ёзишича, улар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан давлатга ҳиёнат қилиш факти бўйича Қозоғистон Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми билан олиб борилган терговга қадар текширув вақтида ушланган.

Маълумот ўрнида, Карим Масимов Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида 2016 йилдан буён ишлаб келган. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фармони билан Карим Масимов 6 январь куни истеъфога чиқарилганди. Унинг ўрнини аввал Давлат хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Ермек Сагимбаев эгаллаганди.