Шавкат Мирзиёев 21 май куни Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, таълим ва тиббиёт энг муҳим ва кенг қамровли ижтимоий соҳалардан бўлгани боис ислоҳотларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида бу соҳаларда Лойиҳа офислари ташкил этилган.

Хусусан, давлат раҳбарининг шу йил 22 январдаги қарорига мувофиқ тузилган Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан бирламчи бўғин ва тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, дори-дармонлар харидини тартибга солиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Тақдимотда ушбу йўналишлар атрофлича таҳлил қилинди.

президент, соғлиқни сақлаш, соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази, тиббий суғурта, тиббий хизматлар, шифохоналар

Сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми 5,9 триллион сўмдан 33,5 триллион сўмга, яъни 6 баробар оширилган. Шифохоналар замонавий жиҳозланиб, янгилари қурилмоқда, тиббиётни халққа яқинлаштириш мақсадида жойларда скрининг текширувлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Таҳлилларга кўра, соҳада аҳоли мурожаатларининг 30 фоизигина бирламчи бўғинда ҳал бўляпти. Айрим касалликлар бўйича даволаш услублари эскирган, ҳамшираларнинг иш доираси кенг эмас, дея таъкидлади президент.

Бугунги кунда гипертония, юрак ишемик ва сурункали ўпка хасталиклари, бронхиал астма, қандли диабет, гепатит каби энг кўп учрайдиган 7 та касаллик гуруҳи бўйича даволаш стандартлари халқаро талаблар асосида янгиланган. Йил якунигача яна 300 та клиник протоколлар қайта кўриб чиқилади. Беморларга одатий текширувларни белгилаш, дорисиз даволаш каби вазифалар шифокордан ҳамширага ўтказилади. Поликлиникаларда беморлар ҳаракати тартибга солиниб, шифокорларга навбат кутиш вақти камайтирилади.

Давлат раҳбари уч йил аввал тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида йўлга қўйилган тиббий суғурта механизмлари соҳадаги кўплаб камчиликларни кўрсатиб берганини қайд этди.

Хабарда таъкидланишича, тиббиёт муассасалари етарлича рақамлаштирилмагани сабабли суғурта тизими тўлиқ ишламаяпти, шифокорларнинг кўп вақти ҳисобот тўлдиришга кетяпти.

президент, соғлиқни сақлаш, соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази, тиббий суғурта, тиббий хизматлар, шифохоналар

Шу боис Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун барча муассасалар янги компьютер ва техника воситалари билан жиҳозланади. Йил якунигача «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» тизимлари ишга туширилади.

Шунга асосланиб, 2024 йилда Тошкентда давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади. «Бу аҳоли томонидан тўланаётган умумий солиқлар ҳисобидан бўлади ва одамлардан қўшимча бадаллар ундирилмайди», — дея қайд этилди хабарда.

Тиббий суғурта доирасида:

  • давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади;
  • беморларни ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўллаш тизими ташкил қилинади. Бунда ушбу тартибга риоя қилинган ҳолдагина бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
  • аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади.

Шавкат Мирзиёев тез тиббий ёрдам тизимидаги асосий муаммо мурожаатларни касалликнинг оғирлигига қараб сараламаслик билан боғлиқ эканини кўрсатиб ўтди.

Шу боис тез ёрдам call-марказларида беморларга шифокор маслаҳати ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Бу йил Тошкент шаҳрида, келаси йили бошқа ҳудудларда парамедик ва педиатрик бригадалар ташкил қилиниши айтилди. Тизим ходимлари тиббий маслаҳат шифокори, чақирувни саралаш оператори, фельдшер-парамедик йўналишида қайта тайёрланади.

Тақдимотда дориларга ҳақиқий эҳтиёжни шакллантириш, уларни харид қилиш ва жойларга ўз вақтида етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини ҳамда харид жараёнини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш орқали касалликларнинг олдини олиш, одамларда ўз саломатлигига масъулият ҳиссини кучайтириш ҳамиша муҳимлигини таъкидлади.