Akfa Group Feed Up Eco фастфуд тармоғининг 50% улушини сотиб олди. Бу ҳақда FeedUp хабар бермоқда.

Компания томонидан эълон қилинган суратда FeedUp асосчиси Умид Иргашев ва Akfa Group раҳбари, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни кўриш мумкин.

Энди FeedUp бренди Akfa Group`нинг Food and Beverage секторида иш олиб боради.

FeedUp`нинг Akfa Group таркибига кириши бренднинг кейинги ривожланиш босқичига ўтиш имконини беради, дейилади баёнотда. Келишув суммасига аниқлик киритиб бўлмади.

FeedUp бренди Ўзбекистонда 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг Тошкент шаҳрида 10 дан ортиқ филиаллари мавжуд.

Akfa Group Ўзбекистондаги энг йирик компаниялардан бири, турли соҳаларда фаолият юритади. У Akfa, Artel, Akfa Lighting, Flowers Garden, OCARD ишлаб чиқариш корхоналари, Mediapark, Akfa Medline, Hilton Tashkent савдо ва сервис компаниялари, Invento, Artel Technical School, CAU (собиқ Akfa University) ва бошқаларни ўз ичига олади. Шунингдек, KFC Uzbekistan`нинг улушдори ҳисобланади.