Фарғона вилоятининг Риштон туманида 3,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган автомобилларга газ қуйиш шохобчаси аниқланди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ЭТК ходимлари ўтказган терговга қадар текширувда маълум бўлди.

Аниқланишича, Риштон туманида автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасининг масъул шахслари ўрнатилган компрессор агрегатларини тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб олган.

Шохобча 2,7 млн кВт соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига жами 3,6 млрд сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.