Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни саноат ва унинг базавий тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш бўйича вазифа ва функциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юкланди. Олдин бу учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги масъул эди. Мазкур вазирлик маҳаллий саноат тармоқларида ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт, маҳаллийлаштириш ва саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ваколатларини сақлаб қолади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг саноатни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ягона саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноат тармоқларини ривожлантириш борасида замонавий механизмларни жорий этиш;
  • ҳудудларнинг табиий хомашё, меҳнат ресурсларини ва «нисбий устунликларини» инобатга олган ҳолда саноатни ривожлантиришга туртки берадиган йўналишларни белгилаш ва уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
  • саноатнинг базавий тармоқлари, жумладан нефт-газ, энергетика, кимё, тоғ-кон, машинасозлик саноатини ривожлантириш, рақобатбардошлигини ошириш, диверсификация қилиш ҳамда уларни ислоҳ қилиш стратегиялари ва дастурларини ишлаб чиқиш;
  • ресурсларнинг тармоқлараро ва ҳудудлар бўйича мутаносиб равишда тақсимланишини ҳамда инфратузилманинг ўзаро мувозанатлашган ривожланишини таъминлаш;
  • тегишли вазирликлар билан биргаликда энергия ресурслари, қимматбаҳо ва рангли металлар, бошқа стратегик ресурсларни ишлаб чиқариш, уларнинг истеъмол балансини шакллантириш ва мониторинг қилиш ҳамда ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш;
  • саноат тармоқларида меҳнат унумдорлигини, энергия ва бошқа ишлаб чиқариш ресурслари тежамкорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳамда операцион самарадорликни оширишда замонавий механизм ва ёндашувларнинг қўлланиши бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;
  • муҳим саноат маҳсулотлари бўйича бозор конъюнктурасини ўрганиш асосида тегишли маҳсулотлар билан ички бозор талабини қондириш ва нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш ҳамда саноат корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш бўйича таклиф ва чоралар ишлаб чиқиш.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига саноатни ривожлантириш бўйича берилаётган ваколатларни инобатга олган ҳолда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг ўринбосарларига қўшимча вазифалар юкланди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов эндиликда глобал иқтисодий-молиявий вазиятни ва бозор конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрларга таъсири бўйича хатарларни баҳолаш ҳамда уларнинг салбий таъсирини юмшатиш ва олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиришга, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида манзилли прогноз параметрларини шакллантириш учун ҳам жавобгар бўлади.

Вазир ўринбосари Бобур Ходжаевга қуйидаги вазифалар юкланди:

  • саноат сиёсатини ишлаб чиқиш ва унинг амалга оширилишини ташкил этишга масъул этиб белгилаган ҳолда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бошқарма ва бўлинмаларининг саноатни ривожлантириш йўналишидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • йирик тармоқ корхоналари ва ҳудудларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини мониторинг қилиш ҳамда прогноз кўрсаткичларига эришишда мавжуд хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриб бориш;
  • базавий саноат тармоқ корхоналарини трансформация қилиш, уларда маҳсулот ва хизмат таннархини пасайтириш, молиявий барқарорлигини ва операцион самарадорлигини ошириш;
  • Энергетика вазирлиги билан биргаликда электр энергияси ва табиий газ бозорларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш;
  • иқтисодиёт тармоқларида тариф сиёсатини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш чораларини кўриш;

Вазир ўринбосари Азиз Бобоевга ҳудудларда саноатни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш бўйича чоралар кўриш, саноат зоналари ва янги ишга тушириладиган йирик корхоналарнинг инфратузилма билан таъминланганлик ҳолатини таҳлил қилиш ва уларни молиялаштириш ишларини мувофиқлаштириш вазифаси топширилди.

2023 йил июль ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ўтказилган «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК орадан уч ой ҳам ўтмай яна Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтарилмоқда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги марказий аппаратининг 45 та штат бирлиги ҳам Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилаётгани ҳисобига қисқармоқда.

Вилоят, шаҳар ва туманларнинг иқтисодиёт ва молия бошқармалари ва бўлимларида саноатни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг ресурслар билан таъминланганини таҳлил қилиш йиғма бўлимлари ташкил этилади. Мазкур йиғма бўлимлар штат бирликларини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида тегишли штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Саноат сиёсатини амалга ошириш ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади. Лойиҳа офиси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, истисно тариқасида, халқаро консалтинг компаниялари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилади.

Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта ичида мазкур фармондан келиб чиққан ҳолда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги фаолиятини қайта ташкил этиш юзасидан президент фармони лойиҳасини киритиш бўйича топшириқ берилди.

Август ойи бошида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимига қайтган Шерзод Кудбиев ўрнига иқтисодиёт ва молия вазири этиб тайинланганди. Икки ҳафта ўтгач, Шавкат Мирзиёев Президент администрацияси раҳбари лавозимини тугатди (Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди) ва Президент администрацияси тузилмасидаги ўзгартиришларни тасдиқлади.

Шундан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023−2025 йилларда ислоҳ қилиш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида давлат улушига эга 31 та йирик корхонанинг улушларини ўз балансига қайтарди. Шунингдек, вазирлик 9 та банк улушини ҳам ўз бошқарувига олди.