Шерзод Давлятович Кудбиев Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси этиб қайта тайинланди. Унинг лавоми ўзгаргани ҳақидаги маълумот амалдорнинг Facebook`даги расмий саҳифасида пайдо бўлди. Шунингдек, бу маълумотни «Газета.uz»га ҳукуматдаги манба ҳам тасдиқлади.

Декабрь ойининг охирида, маъмурий ислоҳот эълон қилинганидан ва баъзи вазирлик ва идоралар бирлаштирилгандан сўнг, Кудбиев иқтисодиёт ва молия вазири бўлганди, уни Молия ва иқтисодиёт вазирликларининг вазифаларини, Божхона қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитасини ўзида бирлаштирган «супервазирлик» раҳбари деб аташаётганди.

Шерзод Кудбиев Давлат солиқ қўмитасини 2020 йил май ойидан 2022 йил охиригача бошқарган. У бунга қадар президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ва бошқа лавозимларда ишлаб келган.

Бир кун аввал президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда бюджет тушумларини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган камчиликлари учун Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчисини лавозимидан озод қилишга топшириқ берганди.

Давлат раҳбари солиқ тушумлари ўсишига қарамай, бу кўрсаткичлар «мавжуд имкониятлардан анча кам» эканини таъкидлаган.

«Тан олиш керакки, ўсиб бораётган иқтисодиётимиз натижалари бюджет даромадларида тўлиқ акс этмаяпти. Бунинг учун тадбиркорларни айблаб бўлмайди. Бунинг учун солиқ идоралари ўз қарашларини ўзгартириши керак», — деди у.

Шунингдек, йиғилишда иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари Дилшод Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари Мубин Мирзаев, Жаҳонгир Абдиев, Сирожиддин Эшматов, Мирзиёд Маҳкамов, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.