Шавкат Мирзиёевининг фармони билан Жамшид Анварович Қўчқоров Бош вазирнинг ўринбосари — Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.

2022 йил охирида амалга оширилган маъмурий ислоҳотларга кўра, бош вазир ўринбосари бир вақтнинг ўзида вазир ёки бошқа раҳбарлик лавозимини эгалламаслиги ҳамда вазирликлар ва бошқа давлат идоралари фаолиятини тўғридан-тўғри бошқармаслиги белгилаб қўйилганди.

Аввалроқ Солиқ қўмитасини собиқ иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев бошқариши ҳақида хабар берилганди.

Декабрь ойининг охирида, маъмурий ислоҳот эълон қилинганидан ва баъзи вазирлик ва идоралар бирлаштирилгандан сўнг, Кудбиев иқтисодиёт ва молия вазири бўлганди, уни Молия ва иқтисодиёт вазирликларининг вазифаларини, Божхона қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитасини ўзида бирлаштирган «супервазирлик» раҳбари деб аташаётганди.

Шерзод Кудбиев Давлат солиқ қўмитасини 2020 йил май ойидан 2022 йил охиригача бошқарган. У бунга қадар президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ва бошқа лавозимларда ишлаб келган.

Жамшид Қўчқоров (1964 й.т.) Тошкент халқ хўжалиги институтини (1985) ва Колорадо штати иқтисодиёт институтини (1996) тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди. Марказий банк раиси ўринбосари (1996−1997), молия вазири ўринбосари — Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи (1997−2005), молия вазири ўринбосари (2005−2016), молия вазирининг биринчи ўринбосари (2017 йилгача), кейин эса бош вазир ўринбосари — молия вазири (2017−2020 йиллар) бўлиб ишлаган.