Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Yandex.Go`нинг Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмаганига изоҳ берди.

«Тенг рақобатни таъминлаш нуқтаи назаридан хўжалик юритувчи субъектларнинг Ўзбекистон ҳудудида солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмагани уларнинг бозордаги устун мавқеини аниқлашга таъсир этмайди», — дейилади баёнотда.

Ҳозирда ушбу соҳадаги тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиш жараёнида экани айтилган. Жумладан, қўмита томонидан рақамли платформаларга нисбатан устун мавқени суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик ва уни назорат қилишнинг аниқ механизмларини назарда тутувчи «Рақамли платформа операторининг устун мавқеи ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда вазирлик ва идоралар билан келишув жараёнида.

Шунингдек, рақамли платформа бўлган агрегаторлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар бозорининг таҳлилий ишлари якунланган ва яқин кунларда унинг натижалари эълон қилиниши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида қўмита Yandex компанияси Ўзбекистонда юридик шахсни ташкил этмагани масаласи ўз ваколатларига кирмаслигини, аммо бу монополияга қарши тартибга солишда қийинчиликлар туғдираётганини маълум қилганди.

Маълумот ўрнида, март ойида ўша вақтдаги иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Yandex Go`нинг солиққа тортилиши ҳамда Ўзбекистондаги такси бозори билан боғлиқ вазиятни шарҳлар экан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бозорда тенг имкониятлар яратувчи таклифлар ишлаб чиқишини маълум қилганди. Бунгача жамоатчилик фаоллари Yandex Go`нинг мамлакатда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиши зарурлиги масаласини бир неча бор кўтарган.

Хусусан, молиячи Отабек Бакиров нима учун пойтахт ва вилоят марказларида такси хизматлари агрегатори сифатида устун мавқега эга бўлган компания Ўзбекистонда солиқ тўламаслиги кераклиги билан қизиққанди. Шунингдек, у Yandex Go ва унинг ҳамкорлари кўрсатилган хизматлар учун фискал чеклар бермаслигини таъкидлаган.

6 октябрь куни Давлат солиқ қўмитаси Yandex Go хизматларини тақдим этувчи Ridetech International B.V компаниясидан 1 декабргача Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш, солиқларни тўлаш ва мижозларга фискал чек тақдим этишни талаб қилди. Қўмита қўйган талаблари бажарилмаса, Рақамли технологиялар вазирлигига Yandex Go компаниясининг Ўзбекистон ҳудудида агрегатор сифатида фойдаланиб келинаётган электрон платформадан фойдаланишни блоклаш бўйича расмий мурожаат қилишини билдирди.

Ridetech International (Нидерландияда рўйхатдан ўтган, Yandex Go хизматларини тақдим этади) бунга жавобан Ўзбекистоннинг солиқ резидентига айланишини ва 1 декабрдан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттиришини таъкидлади.