Ridetech International (Нидерландияда рўйхатдан ўтган, Yandex Go хизматларини тақдим этади) Ўзбекистоннинг солиқ резидентига айланади ва 1 декабрдан кейин ҳам ўз фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда «Газета.uz»га компания матбуот хизмати Солиқ қўмитасининг солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлаш зарурлиги ҳақидаги баёнотига жавобан маълум қилди.

«Биз Солиқ қўмитаси билан маҳаллийлаштириш бўйича мулоқот олиб бормоқдамиз ва бозор амалиётини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда ишлаяпмиз», — дейилади компания хабарида.

Солиқ қўмитаси ўз баёнотида Yandex Go солиқ органлари ахборот тизими билан интеграциялашувни таъминлаш ва мижозларга автоматик шакллантириладиган фискал чек тақдим этиши кераклигини таъкидлаган.

Агар бу талаблар 1 декабрга қадар бажарилмаса, Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлигига Yandex Go компаниясининг Ўзбекистон ҳудудида агрегатор сифатида фойдаланиб келинаётган электрон платформадан фойдаланишни блоклаш бўйича расмий мурожаат юбормоқчи.

«Сафарларга онлайн буюртма бериш хизматларидаги фискал тушумлар бозор учун янгилик ва интеграция нуқтаи назаридан кўп меҳнат талаб қиладиган жараёндир. Биз ушбу соҳада СҚ билан ҳамкорликни бошлаган мамлакатдаги биринчи платформамиз», — дейди Yandex Go.

Март ойида собиқ иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Yandex Go`нинг солиққа тортилиши ҳамда Ўзбекистондаги такси бозори билан боғлиқ вазиятни шарҳлаб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бозорда тенг имкониятлар яратувчи таклифлар ишлаб чиқишини маълум қилганди.

Март ойи охирида Ridetech International вакиллари Тошкентда Солиқ қўмитаси ва Рақобатни ривожлантириш қўмитасида учрашувлар ўтказганди. Унда Yandex Go фойдаланувчиларига фискал чеклар бериш бўйича ишлар режаси белгилаб олиниб, 1 апрелдан ҳайдовчи ва йўловчилар суғурталаниши эълон қилинганди.

ОАВ ва блогерлар компания Ўзбекистонда даромад солиғи тўламаслиги, бу эса маҳаллий рақобатчиларга қараганда устунлик бериши, чеклар берилмаслиги ҳақида бир неча марта ёзган.