Солиқ қўмитаси Ridetech International B.V компаниясидан Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлашни талаб қилди.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг сентябрь ойида Ridetech International B.V. компаниясига икки ой муддатда ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар қўйилган:

  • Фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлаш;
  • солиқ органлари ахборот тизими билан интеграциялашувни таъминлаш ва мижозларга автоматик шакллантириладиган фискал чек тақдим этиш.

2023 йил 1 декабрга қадар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда, Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлигига Yandex.Go компаниясининг Ўзбекистон ҳудудида агрегатор сифатида фойдаланиб келинаётган электрон платформадан фойдаланишни блоклаш бўйича расмий мурожаат қилишини маълум қилди.

Yandex Go Ўзбекистонда 2018 йилнинг апрель ойида ишга туширилган. Хизмат Тошкент, Фарғона, Марғилон, Наманган, Андижон, Самарқанд, Қўқон, Бухоро, Қарши ва Нукус шаҳрида фаолият юритади.

Март ойида собиқ Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Yandex Go`нинг солиққа тортилиши ҳамда Ўзбекистондаги такси бозори билан боғлиқ вазиятни шарҳлаб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бозорда тенг имкониятлар яратувчи таклифлар ишлаб чиқишини маълум қилганди.

Март ойи охирида Ridetech International вакиллари Тошкентда Солиқ қўмитаси ва Рақобатни ривожлантириш қўмитасида учрашувлар ўтказганди. Унда Yandex Go фойдаланувчиларига фискал чеклар бериш бўйича ишлар режаси белгилаб олиниб, 1 апрелдан ҳайдовчи ва йўловчилар суғурталаниши эълон қилинганди.

Тўлдириш

Yandex Go матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, компания «маҳаллийлаштириш» мавзусида Солиқ қўмитаси билан мулоқот олиб бормоқда ҳамда «бозор амалиёти ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш» устида биргаликда шуғулланмоқда.

«Сафарларга онлайн буюртма бериш хизматларидаги фискал тушумлар бозор учун янгилик ва интеграция нуқтаи назаридан кўп меҳнат талаб қиладиган жараёндир. Биз ушбу соҳада СҚ билан ҳамкорликни бошлаган мамлакатдаги биринчи платформамиз», — деди Yandex Go.