Туркия Марказий банки асосий ставкани 25 фоиздан 30 фоизгача оширди. Бу ҳақда ташкилот расмий саҳифасида хабар берилди.

«Қўмита [Пул-кредит сиёсати қўмитаси] инфляцияни имкон қадар тезроқ пасайиш йўналишига қайтариш, инфляция кутилмаларини мустаҳкамлаш ва нарх сиёсати ёмонлашувини назорат қилиш мақсадида пул-кредит сиёсатини кучайтириш жараёнини давом эттиришга қарор қилди», — дейилади регулятор баёнотида.

Мамлакат Марказий банкининг қайд этишича, июль-август ойларида инфляция кўрсаткичлари кутилганидан юқори бўлган. Ички талабнинг юқорилиги, хизмат кўрсатиш ва нефть маҳсулотлари нархларининг барқарор ўсиши, шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмаларининг ёмонлашиши инфляция ўсиши бўйича қўшимча рискларни келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, йил якунига кўра инфляция прогноз диапазонининг юқори чегарасига яқин шаклланиши кутилмоқда.

«Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, яхшиланган ташқи молиялаштириш шароитлари, валюта захираларининг ўсишда давом этиши, туризм даромадларининг жорий балансга ижобий таъсири ва турк лирасидаги активларга ички ва ташқи талабнинг ортиб бориши нархлар барқарорлигини оширишга катта ҳисса қўшади», — дея қайд этган регулятор.

Марказий банк инфляцияни барқарорлаштириш учун ўз ихтиёрида бўлган барча воситалардан «қатъият билан фойдаланишга» ваъда берган.

Сўнгги йилларда Туркия регулятори президент Эрдоғаннинг «паст қарз харажатлари» сиёсати таъсири остида фоиз ставкасини мунтазам пасайтириб келаётганди. Бу, ўз навбатида, чуқур инфляция, яшаш харажатларининг кўтарилиши ва инвесторларнинг мамлакатни тарк этишига олиб келди.

Мамлакат президентлигига қайта сайланган Режеп Таййип Эрдоған Меҳмет Шимшекни ғазначилик ва молия вазири этиб тайинлагани ҳамда Марказий банк раҳбарлигини Ҳафизе Гайе Эрканга ишониб топширганидан сўнг мутахассислар ва жамоатчиликда пул-кредит сиёсатининг анъанавий йўналишга қайтилиши, молиявий вазиятнинг барқарорлашувига умид уйғонди.

Ҳафизе Эркан регуляторга етакчилик қилишни бошлаганидан буён асосий ставка 2021 йил март ойидан бери илк марта кўтарилди. Шундан сўнг регулятор ставкани кетма-кет жами тўрт бор кўтарди ва 8 фоиздан 30 фоизгача етказди.