Туркиянинг амалдаги президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакатдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонди. Бу ҳақда якшанба оқшомида Туркия Олий сайлов кенгаши раиси Аҳмет Йенер маълум қилди, деб ёзмоқда «Анадолу».

Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичида бюллетенларнинг 99 фоиздан ортиғини дастлабки санаб чиқиш натижаларига кўра, Эрдоған 52,15 фоиз овоз тўплади ва янги беш йиллик муддатга қайта сайланди.

Ягона мухолифат номзоди Кемал Қиличдарўғли 47,86% овоз олди.

Эрдоған ғалабасини Истанбулнинг Ускудар туманида тўпланган аҳоли билан учрашувда ҳам маълум қилди.

«Бугун бутун Туркия ғалаба қозонди! 28 май куни бўлиб ўтган овоз бериш мамлакатимиз тараққиётида янги саҳифа очди. „Туркиянинг 100 йиллиги“ концепциясини амалга ошириш бошланди», — деди у.

Туркия раҳбари сайловнинг иккинчи босқичи натижалари «Туркия ютуқларига ҳеч ким тажовуз қила олмаслиги»ни тасдиқлаганини таъкидлади ҳамда Туркия халқига «демократия байрами» учун миннатдорлик билдирди.

Эрдоған хорижлик ҳамкасбларидан келган илк табрикларга эътибор қаратди. «Ҳозирда Озарбайжон президенти, менинг биродарим Илҳом Алиев қўнғироқ қилди. Ўзбекистонлик биродарим Шавкат Мирзиёев билан ҳам телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Ливия бош вазири ҳам қўнғироқ қилди. Қатардан қўнғироқ бўлди. Ҳамма Туркияга ташриф буюришга ва шахсан мени табриклашга тайёр», — деди Туркия раҳбари.

Мухолифат номзоди Кемал Қиличдарўғли сайловларни «сўнгги йиллардаги энг адолатсиз сайловлардан бири» деб атади. У тарафдорлари олдида қилган чиқишида овозларни ҳисоблашни адолатсиз деб атади ва «авторитар ҳукумат»ни алмаштириш учун курашни давом эттиришини айтди.

кемал қиличдарўғли, режеп таййип эрдоған, туркия, туркиядаги сайлов

«Мен ҳар доим сиз учун курашганман ва курашишда давом этаман. Биз демократия учун курашни давом эттирамиз ва сиздан бу курашда иштирок этишингизни сўрайман. Бир киши бизни қандай қилиб демократик қадриятлардан маҳрум қилаётганини кўриб турибмиз», — деди у.

Қиличдарўғли, шунингдек, овоз бериш халқнинг авторитар ҳукуматни ўзгартириш истагини кўрсатганини қўшимча қилди.