Эрон парламенти 20 сентябрь куни аёллар мажбурий исломий кийиниш қоидаларини бузганликлари учун жазони кучайтирувчи «Ҳижоб ва иффат тўғрисида»ги қонунни маъқуллади, деб хабар беради Al Jazeera.

Парламентнинг 152 нафар депутати қонунни ёқлаб овоз берган, 34 нафар депутат қарши, 7 нафари бетараф қолган. Қонун уч йил муддатга экспериментал тарзда амал қилади. Энди у дин арбоблари ва ҳуқуқ бўйича экспертлардан иборат Эроннинг парламентдан юқори махсус органи — Конституцияни қўриқлаш кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.

Қонунга кўра, аёлларнинг «тор кийим, шунингдек, бўйин остидаги, тўпиқдан юқорида ёки билакдан юқорида тананинг қисмларини кўрсатадиган кийим» кийишлари мумкин эмас. Эркакларга эса «тананинг кўкрак остидаги, тўпиқлари ёки елкалари устидаги қисмларини кўрсатадиган очиқ кийим» кийиш тақиқланади. Ҳужжат жами 70 дан ортиқ моддадан иборат.

BBC News аниқлик киритишича, жамоат жойларида номақбул кийим кийган ҳолда қўлга олинган одамлар «тўртинчи даражали» жазога тортилади. Эрон Жиноят кодексига кўра, бу 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси ва 180 дан 360 миллион риалгача (3600 доллардан 7300 долларгача) жарима солиш дегани.

Шунингдек, қонун «уюшган тарзда» ёҳуд «хорижий ёки душман ҳукуматлар, оммавий ахборот воситалари, гуруҳлар ёки ташкилотлар билан ҳамкорликда» кийиниш қоидалари бузишни тарғиб қилган шахсларга 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда «яланғочликни тарғиб қилувчи» ёки «ҳижобни масхара қиладиган» шахслар, шунингдек, аёл ҳайдовчи ёки йўловчи ҳижоб ёки тегишли кийимда бўлмаган транспорт воситалари эгаларига жарима белгиланди.

Хусусий корхоналар ва бизнес эгалари кийиниш қоидаларининг бузилишини «бирон-бир тарзда тарғиб қилсалар» жаримага тортилади, уларга саёҳат қилиш тақиқланади ва қамоқ жазосига тортилади, деб ёзади Al Jazeera.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари ушбу қонунни «гендер апартеидининг шакли» ва Эрон расмийларининг «аёл-қизларнинг иродасини тўлиқ бўйсундиришга қаратилган тизимли дискриминациясининг бир қисми» деб аташди. Улар ушбу ҳужжат аёлларнинг асосий ҳуқуқлари, жумладан, маданий ҳаётда иштирок этиш ҳуқуқи, фикр ва ҳаракат эркинлиги, тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи, ижтимоий, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бузаётганини таъкидлади.

Қонун ҳижобни нотўғри ўрагани учун ҳибсга олинганидан сўнг полиция ҳибсхонасида вафот этган Маҳса Амини воқеасига бир йил бўлиши муносабати билан қабул қилинган. Унинг ўлими бутун Эрон бўйлаб кенг тарқалган норозиликларга сабаб бўлганди. Намойишчилар гендер тенглиги, ислоҳотлар ва режим ўзгаришини талаб қилишганди. Норозиликлар давомида аёллар ҳижобларини ёқиб, сочларини кесишганди.

Эрон ҳукумати норозилик намойишларини шафқатсизларча бостирди, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, уларда қатнашгани учун 20 мингга яқин одам ҳибсга олинган. Мамлакатда 2022 йилда қатл этилганлар сони 2021 йилга нисбатан 75 фоизга ошган — жами 582 киши қатл этилган.

Июль ойида норозилик намойишларидан сўнг ғойиб бўлган «ахлоқ полицияси» исломий кийиниш қоидаларини татбиқ этиш учун Эрон шаҳарларида пиёда ва автомобиль патрулларини қайта бошлади.

Ҳижоб кийиш 1983 йилда, исломий инқилобдан тўрт йил ўтиб, мамлакатда монархия ағдариб, Ислом республикаси эълон қилинганида, барча Эрон аёллари учун мажбурий бўлган. Эроннинг амалдаги Жиноят кодексига кўра, омма олдида ҳижобсиз кўриниш берган аёллар 10 кундан икки ойгача қамоқ ёки жаримага тортилиши мумкин.