БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси 21 июнь куни Эрондаги вазият бўйича янги ҳисоботини тақдим этди. Ҳисобот асосан ўтган йилнинг сентябрида 22 ёшли Жина Маҳса Аминий ўлими сабаб бўлган оммавий норозилик намойишлари ортидан мамлакатдаги ўзгаришларни қамраб олади. Маҳса полиция бўлимида полиция томонидан қўлга олинганидан уч кун ўтиб вафот этган эди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси ўринбосари Нада Ал-Нашиф: «Эрондаги умумий инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият санкциялар ва COVID-19 пандемиясининг узоқ давом этаётган таъсири туфайли оғирлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий шароитлар фонида сезиларли даражада ёмонлашди» деди.

Рекорд даражадаги қатллар

Ўтган йил давомида Эрон судлари кўплаб ўлим ҳукмларини чиқарган.

«2022 йилда 582 киши қатл этилган. Бу 333 киши қатл этилгани хабар қилинган 2021 йилга нисбатан 75 фоизга кўпдир. 2022 йилда қатл этилганлар орасида уч нафар бола ҳам бор эди. Қатл этилганларнинг умумий сонидан 256 нафари гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун», — деди Ал-Нашиф.

Бу Эронда 2017 йилдан бери гиёҳванд моддалар бўйича қатл этилганларнинг энг юқори кўрсаткичидир.

Оммавий ҳибслар

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, намойишларда қатнашгани учун қўлга олинганларнинг умумий сони 20 мингга яқин. Улар орасида минглаб болалар ҳам бор.

Камида 44 бола, жумладан, 10 қиз хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуроллардан ўлдирилган, дейилади хабарда.

Энг кўп ўлим Систон ва Балужистон вилоятида қайд этилган.

«Ҳибсга олиш ва айбига иқрор бўлиш учун сўроқ қилиш чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан одамларга нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлганлик, шунингдек, аёллар, эркаклар ва болаларга нисбатан, айниқса қамоқда сақлаш жойларида содир этилган жинсий ва гендер асосидаги зўравонлик ҳолатлари ҳақида кўплаб даъволар бўлган». — деди ан-Нашиф.

Ҳижобсиз аёлларни кузатиш учун сунъий онг

Эронда норозилик намойишлари бошланганидан бери фикр эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқларига риоя қилиш сезиларли даражада ёмонлашди.

«Рақамли макон устидан кенг назорат ўрнатилди ва онлайн цензура кучайтирилди. Ўтган йилнинг 21 сентябридан бошлаб айрим ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш платформаларига кириш тақиқланганлигича қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, давлат сиёсати ҳижоб ўраш мажбуриятини кучайтириш борасида янада қаттиқлашди, дейилади ҳисоботда. Ушбу қоидага риоя қилмаган аёллар ва қизларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўлланилади.

«2022 йилнинг 15 августида [Эрон президенти Иброҳим Раисий] ҳижоб ўрамаган аёлларни ёки ҳижоб ўраш мажбурийлигига шубҳа билдирганларни кузатиш ва жазолаш учун юзни таниш технологиясини жорий этишни назарда тутувчи фармонни имзолади», деди БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси ўринбосари.

Хабарда айтилишича, Эрон парламенти Жиноят кодексига ҳижоб қоидаларига риоя қилмаслик учун янги жазо чораларини жорий қилувчи янги тузатишлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.