Пайшанба куни интернетда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова ўртасидаги можаро акс этган видео тарқалди.

Ҳодиса 26 июль куни Сариосий туманидаги 12-мактабда мактабларни 2023−2024 ўқув йилига тайёрлаш бўйича ўтказилган семинарда содир бўлганга ўхшайди. Чунки вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган суратларда Умида Турсуновани кўриш мумкин.

Видео бошида мактаб директори ҳокимдан нега уни ишдан бўшатганини сўрайди. Улуғбек Косимов «эплолмагани учун», деб жавоб беради. Кейинги диалог қуйидагича давом этади:

— Қаердан биласиз менинг эплолмаганимни?

— Бутун дунёга шарманда бўлдингиз.

— Бутун дунёга Аҳмад Бобоев шарманда қилади. Ҳаммаси қўллаб-қувватлаяпти. У ерда нима бўлганини сиз қаердан биласиз? Муҳитни буздинг, дейди. Нима бузган муҳитни у ерда? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, шунча ёзяпмиз индамайди ҳеч ким. Аҳволини ўрганадиган одам йўқ. Ҳаммасининг тили бир буларнинг.

— Жим ўтиринг.

— Ие.

— Нима, ие.

— Ўзи 20 февралда келдим мен.

— Ҳаққингиз йўқ бу мактабда директор бўлиб ишлашга.

— Нима учун ҳаққим йўқ?

— Ҳаққингиз йўқ!

— Нима учун?

— Ҳаққингиз йўқ.

— Нима учун? Милтиқ бўлса, отиб ташланг! Милтиқни олинг-да, отиб ташланг. Бориб кўринг нима муаммо борлигини [мактабнинг]! Ҳаммасининг тили бир, бирга уюштиряпти судланган деб. Қаерда судландим? Қачон менинг судим бўлди? Олий суднинг ижроси бўлган куни у ерда менга зарар етказиляпти, мен судланишим керакми? Қани Ўзбекистонда ҳақиқат, адолат?! Судланган, деяпсиз, нима қилдим мен? Сиз уюштирдингиз, ишдан олдингиз-ку мени! Бугунги томошани ҳам сизлар уюштирдингларми? 28, 28! 28 ни расво қилган сиз билан Бобоев. Оғзимга қараяпман, милтиқ бўлса, отиб ташланглар!

Залдаги одамлар уни тинчлантиришга ҳаракат қилишади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Умида Турсунова вилоят ҳокимига мурожаат қилар экан, унга нотўғри маълумотлар берилгани учун президентга мурожаат қилиб, ҳақиқатни айтишини таъкидлайди.

Йиғилишдагилардан кимдир ундан зални тарк этишини сўраганида, мактаб директори ўз ўрнида ўтириб, ҳокимнинг нутқини охиригача тинглашини айтади.

«Йўқот, йўқот, йўқот! Нима қиляпман мен? Сенлар мактабда хоҳлаган ишингни қилдинглар ҳеч ким ҳеч нарса қилмади-ку! Менга чора кўриладими? Нимага ташқарига чиқаман? Мана шу ерда туриб охиригача эшитаман, президентга айтадиган гапим бор! Отса мени олиб чиқиб, Ўзбекистоннинг олдида отиб ташласин!» — дейди директор.

Шундан сўнг унинг ёнига ички ишлар органи ходими келиб, уни залдан олиб чиқиб кетади. У бинодан чиқар экан: «Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига», — дейди.

Видеодан лавҳа.Видеодан лавҳа.

Вазирнинг муносабати

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова вазиятни шахсан ўз назоратига олганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мактаб директори зудлик билан маъмурий қамоқдан озод этилган (Элтуз 10 кунлик ҳибсга олингани, кейин эса озодликка чиққанидан кейин яна ҳибсга олингани ҳақида хабар берган).

Шу билан бирга, вазир таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс «ўзини тутиш маданияти билан барчага ўрнак бўлиши керак»лигини таъкидлади. Унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда норозиликка сабаб бўлди.

Видеодан лавҳа.Видеодан лавҳа.

Кейинроқ вазир Умида Турсунова мактаб директори лавозимида ишлашда давом этишини аниқлаштирди. Умарова профессор-ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш мамлакатнинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини эслатди.

«Давлатимиз раҳбари барча ҳокимликларга мактабларни моддий-техник базасини яхшилаш ва мактаб жамоаси фаолият олиб бориши учун қулай инфратузилма яратиш вазифасини топширган. Давлатимизда бугун олиб борилаётган таълим соҳаси ходимларини обрў ва нуфузини кўтариш каби устувор сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳар бир раҳбар ходим барча педагог ходимларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлишларини, мактабда педагог ходимлар фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратишга эътибор қаратишларини, мактабдаги маънавий муҳит, таълим сифати ва мазмуни билан боғлиқ ҳар қандай вазият эса вазирлик назоратида эканлигини эслатиб ўтмоқчиман», — деб ёзди у.

«Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ҳар бир педагог ходим давлатимиз ҳимоясида!» — дея қўшимча қилди вазир.

Директор ва ҳоким ҳақида

Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг ёзишича, Умида Турсунова аввал ҳам жанжал марказида бўлган. Бир йил олдин тармоқда унинг ўқитувчиларга қўпол мурожаати ёзилган аудио тарқалди.

Шунингдек, тармоқда 28-мактаб директори мевали дарахтларни кесиб, сотишга урингани ҳақида хабар берилган.

2021 йил ноябрь ойида у журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганликда ва унинг камерасига зарар етказганликда айбланган.

Умида Турсунова бир неча бор лавозимидан озод этилганидан кейин суд орқали ишга тикланган.

Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов (Тошкентнинг собиқ прокурори) июль ойида Денов туманидаги фермер хўжалиги раҳбарини қамоққа олишни буюрган видеоси учун танқид қилинган эди. Ҳокимлик фермерлар томонидан камчиликлар бартараф этилгани боис ҳеч ким қамоққа олинмаганини билдирди.

Жорий йилнинг январь ойида «Газета.uz» унинг топшириғига кўра Денов туманида (бир вақтлар бу ерда ҳоким бўлган) карам, сабзи ва пиёз ўсиб турган далалар ғўза экиш учун ҳайдаб ташлангани ҳақида ёзган эди. Ўшанда эълон қилинган видеода ҳоким далада алмашлаб экиш услуби қўлланилса ҳам (ердан самарали фойдаланиш учун бир экиндан кейин бошқа экин экилади) барча майдонларни шудгорлаш ҳақида кўрсатма берган эди.