28 июль куни Фарғонада Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев 15 та туман ИИБ бошлиқлари ва 5 та туман прокурорларини лавозимидан озод қилди. Ишдан олинган ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари орасида Бандихон туманининг сўконғич прокурори Соатмурод Махманов ҳам бор.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Бандихон тумани прокурори Махмановга тегишли экани айтилаётган аудио тарқалганди. Прокурор тумандаги МФЙ раисларига уларнинг хизмат вазифаларига, ваколатларига кирмайдиган — аҳолидан солиқ тўловларини ундириш вазифасини юклаб, сўроққа тутиб, дўқ-пўписа ва ҳақорат қилиб, камситган.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган аудиода туман прокурори олдидаги одамларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилиб, сўкингани акс этган.

Аудио бўйича вилоят прокуратураси расмий муносабат билдираркан, тармоқларда тарқалаётган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилганди.

«Муштум» журнали таҳририятининг Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб маълум қилишича, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Бандихон туман прокурорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказилган текшириш натижасига кўра, Соатмурод Маҳмановга нисбатан интизомий жазо қўлланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, яъни ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган. Бироқ, шунга қарамасдан, одамларни ҳақорат қилган прокурорга нисбатан маъмурий иш очилмаган.

Бундан ташқари, «Муштум» журнали 12 июль куни айни шу прокурор Соатмурод Махманов фермер Чори Пиримқуловнинг мурожаатини эълон қилган. Унда айтилишича, прокурор Чори Пиримқуловни мажлисга кеч келгани учун ҳақорат қилган ва калтаклаган.