20 июнь куни «Муштум» журналининг Telegram каналида Сурхондарё вилояти Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махмановга тегишли экани айтилаётган аудио тарқалди. Каналда аудиоёзувга изоҳ сифатида қайд этилишича, прокурор тумандаги МФЙ раисларига уларнинг хизмат вазифаларига, ваколатларига кирмайдиган — аҳолидан солиқ тўловларини ундириш вазифасини юклаб, сўроққа тутиб, дўқ-пўписа ва ҳақорат қилиб, камситган.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур аудиода туман прокурори олдидаги одамларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилиб, сўкингани акс этган.

«Сен кеча нима ваъда берган эдинг, ит? Нима ваъда берган эдинг деяпман? Қани пулинг, бер буёққа. Қанча бор? 2 млн сўм туширгансан? Нимани ваъда бергандинг, кечаги пулни кўтариб келяпсан. Эркакмисан сенлар эй? Хотинчалиш. Эркакмисан сен ҳам? Итдан тарқаган экансан-ку. Одамдан тарқаганингда одамнинг ишини қилардинг. Бор, итнинг ишини қил, вовуллаб ўтир кўчада. Тур йўқол, ифлос», — дейилади аудиода.

Бошқа бир одамга эса «тўртта одамини йиға олмаса, аризасини ёзиб, йўқолишини» айтаркан, «Йўқ, мен тушунмаяпман-да, бу тизим. Сиз … еб ўтирибсизми, энангизники борми бу ерда?!» деган прокурор экани айтилаётган шахс.

Салкам тўққиз дақиқалик аудиода у қаршисидаги одамлардан пул талаб қилгани ва бунинг учун уятли сўзларни айтганини тинглаш мумкин.

«Бандихон қани? Қани, э оғайни, пул? Энангникига тиқиб қўй у 3 миллионни. Кеча гапирган гапинг қани бу ерда? Бор жойига қўйиб кел, мараз, итдан тарқаган! Сарвар қани? Қани кеча айтган пулим? Эй ифлос, кеча кечқурун айтган пулим қани деяпман мен сенга? Қани деяпман мен сенга?» — деган у.

Аудиода ушбу шахснинг аёлларга ҳам қўпол муомала қилгани, уларга ишдан бўшашини айтгани ҳам ёзилган.

«Обод турмуш қани? Ҳа опа, 500 минг сўм тушган. Қани? Боринг, аризангизни ёзингда йўқолинг, … борми сизга бу ерда ишлаб, давлатни, жамиятни ҳаром қилиб. Аризани ёзинг-да, йўқолинг. Уялмай келасиз яна бу ерга. Олинг аризасини, нима қиласиз ишлатиб? Душман-ку, бу», — деган у.

Аудио бўйича Сурхондарё вилояти прокуратураси расмий муносабат билдираркан, тармоқларда тарқалаётган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳақорат қилганлик — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдори (330 минг сўм)нинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.