Американинг JPMorgan банки олтин нархи 2023 йил охиригача бир унция учун 2000 доллардан ошиб, 2024 йилда рекорд даражадаги 2175 долларни ташкил этишини башорат қилмоқда, дея хабар бермоқда РБК Bloomberg агентлигига таяниб.

Банкнинг глобал хом ашё товарлари бўйича тадқиқотлар департаменти ижрочи директори Грег Ширернинг маълум қилишича, АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) томонидан фоиз ставкаларининг туширилиши олтин нархининг ошишига «драйвер» вазифасини бажаради. Унинг сўзларига кўра, бу кейинги йилнинг иккинчи чорагида содир бўлиши керак. Айни пайтда АҚШ марказий банки вазифасини бажарувчи ФЗТ инфляцияни жиловлаш мақсадида асосий ставкани оширишда давом этмоқда. ФЗТ яқинда ставкалар диапазонини йилига 5,25−5,5% гача оширди — бу сўнгги 22 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.

«Биз ҳозир жуда қулай ҳолатдамиз ҳамда олтин ва кумушга узоқ муддатли сармоя киритиш диверсификация вазифасини ўтайди ва келгуси 12−18 ой ичида яхши натижаларни кўрсатишига ишонамиз», — деди Ширер.

РБК маълумотларига кўра, сўнгги 12 ой ичида олтин тахминан 15 фоизга ошган. Бунга АҚШ ставкаларини ошириш цикли яқинлашиб келаётгани ва жаҳон марказий банклари томонидан рекорд миқдорда олтин сотиб олингани ёрдам берди. Бутунжаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-март ойларида жаҳон марказий банклари захираларни тўлдириш учун 228 тонна қимматбаҳо метал сотиб олган.

Аввалроқ «Газета.uz» 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон за[ираларидаги олтиннинг физик ҳажми 0,2 млн троя унциясига (6,2 тонна) ошиб, 12,1 млн троя унциясига (тахминан 376,3 тонна) етгани ҳақида ёзган эди. Бироқ котировкалар тушиши фонида мамлакат олтин захираларининг қиймати 23,08 млрд долларгача тушиб кетди.