Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлашда фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари миқдорини (МИХ) эълон қилганидан кейин танқидга учради.

Бунга жавобан, Статистика агентлиги аҳолининг минимал истеъмол харажатларини (МИХ) ҳукумат томонидан тасдиқланган низом (ВМҚ-544) асосида ҳисоблаб чиқишини эслатиб ўтди. Мазкур тартиб халқаро тажриба асосида Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Ҳукуматнинг юқоридаги қарорига кўра, агентлик кўрсаткични 20 январгача эълон қилиши керак эди. Аммо февраль ойи охирида Вазирлар Маҳкамасининг яна бир қарори қабул қилинди, унга кўра кўрсаткични эълон қилиш муддати июль ойига кўчирилди. Қонунга кўра, тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида номувофиқликлар аниқланган тақдирда, кейинчалик қабул қилинган ҳужжат қоидалари қўлланилади.

2023 йил учун минимал истеъмол харажатлари низомнинг 16-банди талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилган, яъни минимал харажатлар ҳисобланган йил базавий йил бўлиб, келгуси йил учун минимал харажатлар озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархлари даражасидан келиб чиқиб, индексация қилиб борилади, дейилади агентлик хабарида.

Хусусан, 2022 йилда инфляция 12,3 фоизни ташкил этди, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 15,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 10,7 фоизга, хизматлар нархи эса 8,3 фоизга ошди.

Минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи 2021 йилда 10,6 минг уй хўжалигини ўрганиш натижалари доирасида ҳисоблаб чиқилган (2020 йилда улар 5,4 мингта эди). Шу билан бирга, сўровда қатнашган хонадонлар харажатлар миқдори бўйича 10 та гуруҳга бўлиниб, ушбу оилалардан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган хонадонларнинг 30 фоизи ажратилган.

Ўрганишлар натижасида олинган маълумотларга кўра, ҳар бир киши учун зарур бўлган кунлик озиқ-овқат (2200 ккал), ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар учун ойлик минимал истеъмол харажатлари 498 минг сўмни ташкил этди. Орадан бир ярим йил ўтиб, бу кўрсаткич 14 фоизга ўсди — ойига бир киши учун 568 минг сўмгача (кунига 18,9 минг сўм).

Статистика агентлиги молиячи Отабек Бакиров томонидан эълон қилинган маълумотлар «нотўғри тақдим этилган ва ҳеч қандай фактга асосланмаган» деб ҳисобламоқда. Хусусан, молиячи кўрсаткичнинг охирги янгиланишигача оралиқда (2022 йил январидан 2023 йил июнигача) жами инфляция 16,1 фоиздан, озиқ-овқат инфляцияси 20,3 фоиздан ошганини, аҳоли жон бошига номинал даромадлар камида 28 фоизга ошганини ёзганди.

Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткични инфляция даражасидан пастроқ белгилаш «камбағалларнинг янада қашшоқлашишига» олиб келади, шунингдек, давлатнинг ижтимоий нафақалар («декрет» пули, баъзи нафақалар ва минимал истеъмол харажатларига боғлиқ бўлган бошқалар) бўйича харажатларини камайтиради.

Статистика агентлигининг қайд этишича, 2022 йил охирига келиб аҳоли жон бошига номинал даромадлар 19,8 фоизга ошган. «Бундай тушунмовчиликларга йўл қўймаслик учун Статистика агентлигининг расмий статистикасидан фойдаланиш керак», — дейилади хабарда.

Отабек Бакиров агентликдан кўрсаткични ҳукумат қарори билан белгиланганидек январь ойидан бошлаб ҳисоблашни сўрамоқда. Унинг фикрича, минимал истеъмол харажатлари январь ойида эълон қилинганида, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар олти ой ичида 420 минг сўм (ойига 70 минг сўм кўпроқ) кўпроқ тўловга эга бўларди.