2023 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 568 минг сўмни ташкил этди, дея хабар берди Статистика агентлиги.

Кўрсаткич «2023 йил учун Статистика дастури»да белгиланган муддатда ҳисобланган. Охирги марта минимал истеъмол харажатлари миқдори 2022 йил бошида янгиланганди ва бир киши учун минимал истеъмол харажатларининг янги миқдори 13,2 фоизга ошиб, 498 минг сўмни ташкил этганди.

Ундан аввал эса 2021 йил май ойида биринчи марта минимал истеъмол харажатлари ҳисобланган ва 440 минг сўмни ташкил этганди.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;

  • мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;

  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;

  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Статистика агентлиги 2023 йил учун минимал истеъмол харажатлари июль ойида эълон қилининишини қайд этганди. Расмийларга кўра, бу йил аввалги йилдагидан фарқли равишда кўпроқ товар ва хизматлар турлари бўйича кузатувлар ўтказилган. Кўрсаткични қайта ишлаш жараёни кўпроқ вақт олгани учун уни йил ярмида эълон қилиш белгиланган.

Маълумот ўрнида, минимал истеъмол харажатлари уй хўжаликларининг реал истеъмол қийматлари ва таркибини ўрганиш асосида уларнинг соғлом ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар учун минимал харажатларнинг ҳисобланган қиймати ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик мезони ёки чегараси сифатида фойдаланилади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланадиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади.