Қишда кузатилган аномал совуқ даврида Марказий Осиё мамлакатларидаги пиёз ҳосилининг йўқотилиши Россияда бу сабзавот нархининг кескин ошишига сабаб бўлди, дея хабар бермоқда РБК.

Май ойида Россияда пиёзнинг ўртача нархи килограммига 73,3 рублга етди. Бу сўнгги 20 йил ичидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Сабзавот нархи ўтган ойга нисбатан 9 фоизга ошган (апрелда 67 рубль/кг бўлган).

Қайд этилишича, Россия бозорларида сўнгги ўн йил ичида май ойида бир килограмм пиёз нархи 30−40 рубль оралиғида бўлган. 2022 йилнинг май ойида ҳам санкциялар фонида логистика занжирлари узилиши туфайли Россияга импорт қилинадиган товарларни етказиб беришда муаммолар бўлганига қарамай пиёз нархи жорий йилнинг май ойига нисбатан 29 фоизга арзонроқ бўлган (бир йил олдин ўртача нарх 56,8 рубль/кгни ташкил этган).

Пиёз нархининг ошишига бу йил Марказий Осиё мамлакатлари — Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда кузатилган ҳосил йўқотишлари сабабли жаҳон бозорида бу сабзавот таклифи пасайгани сабаб бўлган.

Россия миллий мева-сабзавот уюшмаси ижрочи директори Андрей Казаков бу мамлакатларда ҳосилнинг камайиши аномал совуқ қиш фонида содир бўлганини қайд этган.

Казаковнинг айтишича, январь ойидаги қаттиқ совуқ туфайли (Ўзбекистонда кечаси ҳаво ҳарорати минус 17−23 даражагача пасайган) иситилмайдиган омборларда сақланган сабзавотлар нобуд бўлган. Вазият жиддий бўлгани сабаб Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари пиёзни захираларини тўлдириб олгунга қадар экспорт қилишни тақиқлаган. Баҳорга келиб, маҳаллий сабзавот омборларида пиёз захиралари камайган ва Марказий Осиё давлатларидан етказиб бериш тўхтагани сабабли нархлар кўтарилган.

«Руспродсоюз» маълумотларига кўра, Ўзбекистон Миср, Хитой ва Туркия билан бир қаторда Россияга пиёз етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Россия 2022 йилнинг январидан ноябригача ушбу мамлакатлардан мос равишда 17 минг тонна, 46 минг тонна, 22 минг тонна ва 20 минг тонна пиёз импорт қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ кунларда очиқ расталарда сақланаётган пиёз музлаб қолгани, ёнилғи етишмаслиги сабабли етказиб беришдаги узилишлар ортидан нархлар ошганди. Шундан сўнг мамлакатда ушбу маҳсулотни четга сотиш 4 ойга тўхтатилган.

15 мартдан эса мамлакатда пиёз нархи барқарорлашгани сабабли унинг экспортига қўйилган вақтинчалик чеклов бекор қилинганди.