Ўзбекистон аҳолисининг 20 январдан 30 апрелга қадар тиббий меъёрлар бўйича пиёзга бўлган истеъмол талаби ўртача 346 минг тоннани ташкил этади ва бу вақт давомида маҳсулот экспорти вақтинча чекланди, деб хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида узилишлар юзага келиши оқибатида айрим деҳқон бозорларида харидорлар томонидан мазкур маҳсулот нархининг ошиши борасида салбий фикрлар тарқалмоқда. Ҳолат эса бу турдаги маҳсулот нархига ҳам таъсир қилиши мумкин. Хусусан, бугунги кунда республика деҳқон бозорларида пиёзнинг ўртача чакана нархи 6000−8000 сўм, улгуржи нархи ўртача 5500−6500 сўмни ташкил этган.

Вазирликнинг билдиришича, бунинг асосий сабаби сифатида 9 январдан 17 январгача бўлган кескин совуқ (ўртача -13 даражадан -22 даража) сабабли ёнилғи-энергетика соҳасида вужудга келган муаммолар ва маҳсулотни ташиш логистикаси тизимида юзага келган узилишларни кўрсатиш мумкин.

Совуқ оқибатида бозорларда айрим очиқ расталарда сақланган пиёзлар музлаб қолган (музлаш ҳарорати -5 даража) ҳамда ноқулай об-ҳаво шароити сабаб таклиф ҳажми пасайган.

Ички истеъмол бозор нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатилди.

Ҳозирда ҳудудларда захира миқдори 87 минг тонна ва аҳоли хонадонларида 232 минг тонна, жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлиги вилоятлар томонидан тасдиқланди. Бу эса жойларда пиёз захираси мавжудлигини кўрсатмоқда.

Таҳлилларга кўра, аҳолининг истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз керак. Ушбу маҳсулотларни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарёда экилган эртапишар уруғ режадагидек униб, ҳосил берса, бу борадаги тақчиллик юзага келмаслиги ва аҳоли талаби тўлиқ қопланиши бўйича ҳисоб-китоблар мавжуд.