Самарқанд шаҳрида 13−14 май кунлари бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлари форумида ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева «Газета.uz» мухбирига интервью берди. У аёлларга нисбатан бўлаётган зўравонлик ҳолатлари ва ҳимоя ордерига оид саволларга жавоб қайтарди.

ИИВ расмийсига кўра, охирги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизлар кўпроқ руҳий зўравонликка учрамоқда.

«Бизда руҳий зўравонлик ҳолатлари энг кўп содир бўляпти. Ундан кейин жисмоний ва иқтисодий зўравонлик кўп учрамоқда. Афсус билан айтиб ўтишим керакки, 86−87 фоиз зўравонлик ҳолатлари айнан оилаларда кузатиляпти. Ёпиқ эшиклар ортида бўладиган зўравонликлар тўғрисида бизга жабрланган шахс ёки унинг яқинлари томонидан мурожаат келиб тушмаса, бизда буни аниқлаш имкони бўлмайди. Бундай ҳолатларда фуқароларнинг мурожаат қилиши учун Ички ишлар вазирлигида 1259 ва 1286 қисқа рақамли ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилган», — деди у.

Унинг қайд этишича, 2024 йилнинг биринчи чорагида 10 мингдан зиёд ҳолатда аёлларга ҳимоя ордери берилган.

«Бошида, ҳимоя ордерини беришни бошлаганимизда, бу оилавий ришталарга салбий таъсирини кўрсатади, деган қўрқув бўлган. Аммо беш йиллик тажриба шуни кўрсатяптики, аёлларнинг оиладаги хавфсизлигини таъминлашда ҳимоя ордери ёрдам беряпти. Лекин оилалар бузилиши ҳимоя ордерига боғлиқ масала эмас. Агар оила бузиладиган бўлса, у ҳимоя ордерисиз ҳам бузилаверади. Аммо ҳимоя ордери ёрдамида аёллар хавфсизлиги таъминлаб берилмоқда», — деди вазирлик вакили.

Умида Абдуллаева «ҳимоя ордери жабрланувчиларни ҳимоя қилишда ўз таъсир кучини йўқотмоқда», деган фикрларга ҳам муносабат билдирди.

«Аёлларнинг ҳуқуқий билими ва савияси ошиб боряпти. Лекин қабул қилинаётган қонунлар қачон ишлайди? Қачонки бу қонунларга амал қилинадиган бўлса. [Қонунчиликка кўра], ҳимоя ордерини олган шахслар огоҳлантирилади, яъни агар ҳимоя ордерида белгиланган чекловлар бузилса, профилактика инспекторига зудлик билан хабар бериши керак. Маъмурий жавгобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206−1-моддасига кўра, ҳимоя ордери борасидаги чекловларни бузган шахс жавобгарликка тортилади. Агар биз чекловлар бузилиши ҳолатларидан хабардор бўлсак, бевосита чоралар кўрамиз. Сиз айтган ҳолатда (27 март куни Бекобод туманида ўзини 5-қаватдан ташлаб вафот этган аёл воқеаси назарда тутилмоқда. Аёлга уч марта, сўнгги бор 6 март куни ҳимоя ордери берилган — таҳр.) бизга хабар берилмаган, бундан хабар топганимизда эди, албатта, таъсир чораларини кўрардик. Лекин бундай ҳолатлар битта, учта бўлиши мумкин. Гуруч курмаксиз бўлмайди, ўзингиз биласиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам салбий томонларибўлиб қолиши мумкин», — деди Абдуллаева.

Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи чорагида 4477 киши оиладаги зўравонлик моддалари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Эслатиб ўтамиз, 10 май куни президент тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қарорни имзолади. Бунда ҳимоя ордерисиз ҳам ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатилиши, вақтинчалик шелтер ва 24/7 ишловчи бирламчи кўмак хоналари ташкил этилиши, зўравонлик қилганлар реестри юритилиши ва бошқалар белгилаб қўйилди.