АҚШ президенти Жо Байден президентлик сайлови олдидан рақиби Дональд Трампни теледебатга чорлади. Байден бу бўйича видеомурожаатини Х ижтимоий тармоғида (собиқ Twitter) эълон қилди.

«Дональд Трамп 2020 йилда менга дебатда икки марта ютқазди. Ўшандан бери у дебатларда кўринмади. Ҳозир эса у ўзини худди мен билан яна баҳслашмоқчидек тутмоқда. Келақол оғайни, мени қувонтир. Мен буни ҳатто икки марта қилишга тайёрман. Санани танла, Дональд. Эшитишимча, „Чоршанба кунлари бўш“ экансан», — деди Жо Байден ўз видеосида.

Ўз навбатида, Трамп чақирувни қабул қилди. Бу бўйича у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида тегишли постни эълон қилди.

«27 июнь куни АҚШ тарихидаги ЭНГ ЁМОН ПРEЗИДEНТ ва демократияга ҳақиқий таҳдид бўлган виждонсиз Жо Байденга қарши CNN дебатида иштирок этиш бўйича таклифни қабул қилиш — мен учун катта шараф. Худди шу каби, 10 сентябрь куни ABC News`да виждонсиз Жо билан дебатлашиш таклифини ҳам қабул қиламан. Раҳмат, ДЖТ!», — дея ёзди Трамп.

ақш, дональд трамп, жо байден, президентлик сайлови, теледебат

Шундай қилиб, Байден ва Трамп CNN телеканалининг 27 июнь куни дебат ўтказиш бўйича таклифини қабул қилди. Дебатларнинг иккинчи босқичи 10 сентябрь куни ABC телеканалида ўтказилади.

The New York Times Жо Байденнинг сайловолди штаби мактубига таяниб, президент июнь ва сентябрь ойларида икки раундли дебат ўтказишга тайёрлигини ёзди. Мактубда айтилишича, Байден жамоаси дебатлар Президентлик дебатлари бўйича комиссия таклиф қилган санадан эртароқ ўтказилишини истамоқда. Бу орқали сайловчилар сентябрь ойида бошланадиган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларидан аввалроқ иккала номзодни кўриб чиқиши имкониятини яратиш мақсад қилинган.

АҚШ президентлиги учун сайлов 2024 йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтиши белгиланган. Сайлов мамлакат тарихидаги олтмишинчиси бўлади.

«Чоршанба кунлари бўш» ибораси ҳақида

The Hill`нинг ёзишича, президент Байден ва унинг сайловолди штаби Дональд Трамп устидан давом этаётган суд жараёнлари мавзусига ҳам мурожаат қилган. «Чоршанба кунлари бўш» ибораси билан бошланган янги маблағ йиғиш кампанияси ҳафтанинг иш кунларида Трамп устидан суд эшитувлари ўтказилмайдиган ягона кун айнан чоршанба эканига ишора қилади.

Трамп устидан суд жараёнлари одатда душанба, сешанба, пайшанба кунлари Нью-Йоркда бўлиб ўтмоқда ва у жараёнларда ҳозир бўлиши шарт. Баъзи ҳафталарда тақвим бўйича низолар туфайли қўшимча танаффуслар эълон қилинган.

Байденнинг сайловолди кампанияси веб-саҳифасида «Чоршанба кунлари бўш» ёзувли футболка 32 доллардан сотилаётганини кўриш мумкин.

ақш, дональд трамп, жо байден, президентлик сайлови, теледебат

Оқ уй Трампнинг кўплаб юридик муаммолари даврида бу мавзуга анча эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда, лекин сайловолди штаби баъзида айнан шу мавзу орқали ҳам Трампга зарба бермоқда.