Андижон вилояти Пахтаобод туманида 21 ёшли Lacetti ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдани уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 13 май куни соат 15:00 атрофида туманнинг «Тўпабжувоз» МФЙ ҳудудида содир бўлган. 23 ёшли ҳайдовчи Х.Ж. бошқарувидаги Lacetti машинасини тартибга солинган чорраҳада светофорнинг яшил чироғида бошқариб кетаётган бўлган. Шунда пиёдалар ўтиш жойидан «кескин ўтиб юборган» 41 ёшли пиёда Б.Д.ни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида пиёда ўнг оёқ болдир суягининг ёпиқ синиши билан боғлиқ тан жароҳати олган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида Damas пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 11 ёшли қизни уриб юборганди. Қиз тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.