2023−2024 ўқув йили учун ОТМларга қабул квотаси тасдиқланди

Давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўйича давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш квоталари тасдиқланди. Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2023/2024-ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқланди.

Сўнгги 6 йиллик баҳолар ОТМларга 2023 йилги қабулда инобатга олинмайди — Билимни баҳолаш агентлиги

2023−2024 ўқув йилидан битирувчиларнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олиниши керак эди. Билимни баҳолаш агентлиги ушбу тартиб 2 йилга кечиктирилганини маълум қилди.

Ўзбекистонда абитуриентларга имтиҳондан сўнг университет ва ўқиш шаклини танлашга рухсат берилади

2024/2025 ўқув йилидан ОТМга кириш имтиҳонлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида ташкил этилади. Бунда абитуриентларга тўплаган балидан келиб чиқиб, таълим муассасаси, таълим йўналиши ва шаклини танлаш имконияти яратилади. Шунингдек, академик лицейларга қабулда ёзма имтиҳон бекор қилинади.

«Ўзбекистонда санъатга ҳеч қандай тўсиқ йўқ». Маданият вазири ўринбосари — Григорий Лепснинг концерти ҳақида

Ўзбекистонлик фаоллар Украинага қарши урушни қўллаб-қувватловчи Григорий Лепснинг концертини бекор қилишни талаб қилмоқда. Маданият вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов мамлакатда санъатга ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтди. «Келяпти, санъатини намойиш қиляпти, кетяпти», — деди у санъаткорлар ҳақида.

«Kompromatuzb иши» бўйича гумонланувчиларга қўйилган айбловлар эълон қилинди

«Kompromatuzb иши» бўйича жиноят иши судга юборилди. Олий суд гумонланувчиларга нисбатан қандай айбловлар қўйилганини маълум қилди.

Йил охиригача Ўзбекистонга 10 млн хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда — Озодбек Назарбеков

Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков йил охиригача мамлакатга 10 млн хорижий сайёҳнинг келиши, 20 млн маҳаллий аҳоли саёҳатлари ташкил этилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2 млрд доллар миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилади.

«Иссиқлик электр станциялари»га янги раҳбар тайинланди

Баҳодир Жўраев «Иссиқлик электр станциялари» компаниясининг бошқаруви раиси этиб тайинланди. Сардор Исақулов эса унинг биринчи ўринбосари бўлди.

ТМЗ банкротлик хавфи остида қолди. Кипр офшор компаниялари давлатни йўқотишлар ва кредитлар билан қолдириб, лойиҳани тарк этди

Кипрлик таъсисчилар, жумладан, Алишер Усмоновга алоқадор «Металлоинвест» компаниясига тегишли корхона «ҳаракатсизлиги» туфайли Тошкент металлургия комбинати банкрот бўлиш хавфи остида қолди. Суд уларни лойиҳадан четлаштирилди, бироқ корхона 916,9 млрд сўм зарар ва 179,7 млн евро кредит билан қолди.

Июнда 6,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди

Ўзбекистонда июнь ойида 265 та ҳолатда 6,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Таққослаш учун, май ойида 20,6 млрд сўмлик 135 та ҳолат аниқланган.

Самарқандда биолаборатория ҳудудидан эркак жасади топилди

Иштихон туманидаги биолаборатория ҳудудидан эркак жасади топилди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, марҳум маст ҳолатда бошқа бир эркак билан жанжаллашгани оқибатида вафот этган.

Зилзиладан жабр кўрган Ҳатай аҳолисига Ўзбекистон фуқаролари маблағлари ҳисобидан модулли уйлар топширилди

Февраль ойидаги зилзилалардан катта талафот кўрган Туркиянинг Ҳатай вилоятида аҳолига 57 та модулли уй топширилди. Улар Ўзбекистон фуқаролари маблағлари ҳисобидан сотиб олинган.

Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири билан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Қонунга бир қатор янги, жумладан, монополияга қарши комплаенс тушунчаси киритилди.

Қорақалпоғистонлик ёшларга давлат грантида ўқиш учун қўшимча 3000 та ўрин ажратилади

Шавкат Мирзиёев фармони билан Қорақалпоғистонда доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган ёшлар учун 2023/2024 ўқув йилида давлат гранти асосида қўшимча 3000 та ўрин ажратилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортаж:

Тошкентдаги собиқ МХХ биносини бузиш бошланди — фото

Тошкент марказида собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (аввалги ДХҚ) биносини бузиш бошланди. Бино 2021 йилда Metropol Group томонидан сотиб олинган. 2023 йилда унинг ўрнида 22 қаватли премиум тоифадаги Radisson меҳмонхонаси қурилиши маълум бўлган. Фоторепортаж.

«Одамлар пакетлардан воз кечиб, шопер, экосумкалардан фойдаланишини кутяпман» — экоблогер ноодатий кийимда кўриниш берди

Экоблогер «O‘rikguli» 3 июль — Халқаро пластик пакетларсиз кунда эгнига 250 та пакетдан иборат кийим кийиб, пойтахт кўчаларини айланди, метрополитендан фойдаланди. «Газета.uz» унинг бундан кўзлаган мақсади билан қизиқди. Унинг айтишича, ғоя ярим йил олдин пайдо бўлган, аммо айнан 3 июлни кутган.