«Kompromatuzb иши» бўйича бўйича жиноят иши судга юборилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз 2023 йилнинг январ ойида Human.uz нашри директори Хуршид Далиев (шунингдек Muxbir Daliyev блоги муаллифи) ва бош муҳаррир Муслим Мирзажонов (кейинчалик озодликка чиқарилган) ҳибсга олинганди. Кейинроқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги) матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинганди.

Иш бўйича Хуршид Далиев (1984 йилда Андижон вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбланмоқда:

  • 139-моддаси 2-қисми (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш);
  • 165-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда товламачилик);
  • 184-моддаси 3-қисми (Жуда кўп миқдорда солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
  • 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).

Сиёвуш Ҳошимов (1983 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг:

  • 139-моддаси 2-қисми;
  • 165-моддаси 3-қисми «а» банди;
  • 25,165-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда товламачилик содир этишга суиқасд қилиш)
  • 243-моддаси билан айбланган.

Аҳмадулло Аҳмаджонов (2004 йилда Андижон вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг:

  • 139-моддаси 2-қисми,
  • 165-моддаси 3-қисми «а» банди
  • 25,165-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланган.

Мавжуда Мирзаева (1973 йилда Андижон вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг:

  • 165-моддаси 2-қисми «а», «б», «в» бандлари (такроран, кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) билан айбланган.

Жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг иш юритувига келиб тушган бўлиб, айни пайтда ушбу жиноят иши «E-XSUD» электрон ахборот тизими орқали судьялар ўртасида тақсимланиш жараёнида.

Тасдиқланган айблов хулосасига кўра жиноят иши бўйича 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 5 миллиард 138 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.