Туркиянинг Ҳатай провинцияси аҳолисига Ўзбекистон фуқаролари маблағлари ҳисобидан сотиб олинган модулли уйлар топширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Аввалроқ 100 та турар жой контейнери Истанбулдаги ўзбек диаспораси томонидан 2016 йилда ташкил этилган Сайҳун таълим ва маданият уюшмаси томонидан ўрнатилиши, уларда ётоқхона, ошхона, ҳаммом ва ҳожатхона бўлиши ва унга бемалол бир оила сиғиши мумкинлиги ҳақида ёзгандик.

Июнь ойи охирида 57 та модулли уйни провинция аҳолисига топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Антакья провинцияси ҳокими Иззеттин Йилмаз, сиёсий партияларнинг провинция филиаллари раҳбарлари, провинция ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва бош консуллиги ходимлари иштирок этди.

Февраль ойида эпицентри Қаҳрамонмараш бўлган зилзилалардан сўнг Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Ҳатай вилоятининг Овакент туманини қайта тиклашга ёрдамлашиши, уй-жойлар, замонавий мактаб ва инфратузилма объектларини қуришда иштирок этишини билдирганди.

Туркияда 6 февраль куни қарийб 100 йил ичидаги энг кучли зилзилалардан бири содир бўлган. Ҳодиса оқибатида, очиқ маълумотларга кўра, 50 783 киши ҳалок бўлган, 297 киши бедарак йўқолган ва 107 204 киши жароҳатланган. Зилзила камида 15,73 миллион одам ва 4 миллион бинога таъсир кўрсатган. 345 мингга яқин хонадон вайрон бўлган.