22 июнь куни Ўзбекистон Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати цинк ва полимер қопламали совуқ прокат ишлаб чиқариш бўйича Тошкент металлургия комбинати (ТМЗ) таъсисчиларининг ишини кўриб чиқди.

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (49,9 фоиз) ТМЗ акцияларининг назорат пакетига биргаликда эгалик қилувчи Кипрнинг Metalloinvest Holding (Cyprus) Limited (41,87%) ва Miramonte Investments Limited (8,23 фоиз) офшор компанияларига қарши даъво аризаси билан чиқди.

Жамғарма суддан инвесторларни 2017 йил 26 январда рўйхатдан ўтган «Тошкент металлургия заводи» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари рўйхатидан чиқаришни сўради. 2022 йил 24 февралда компания қўшма корхона мақомини олганди.

Даъвогар ўз даъвосини асослаб, комбинатда бугунги кунда молиявий қийинчилик юзага келганлигини, 2022-молиявий йил якунлари бўйича соф зарар 316,8 млрд сўмни, 2017−2022 йилларда тўпланган зарар эса 916,92 млрд сўмни ташкил этганини кўрсатди (тахминан 79,5 млн. доллар) ва шунинг учун корхонанинг молиявий ҳолатини яхшилаш бўйича шошилинч чоралар кўриш зарурлигини қайд этди.

Хусусан, қўшма корхона таъсисчилари 2023 йилга мўлжалланган бизнес-режани тасдиқлаши, шунингдек, илгари жалб қилинган, муддати ўтиб кетган кредитларни қайтариш муддатларини узайтириши керак, дейилади ҳужжатда.

алишер усмонов, тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тмз, тошкент металлургия заводи

Бундан ташқари, қарзлар ва бошқа турдаги кредитлар беришга ихтисослашган, устав капитали 10 минг рубль (тахминан 111 доллар) бўлган Россиянинг «Халқаро молия технологиялари XXI» компаниясидан қўшимча маблағ жалб этиш кераклиги айтилган. Бу корхонадан Россия Марказий банкининг асосий ставкасига (7,5%) тенг бўлган фоиз ставкаси билан 24 ой муддатга 1,5 миллиард рубль (16,7 миллион доллар) жалб қилиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, 2018 йил 24 октябрдаги синдикатлаштирилган кредит шартномаси шартларига мувофиқ завод мулкини гаровга қўйиш ва бошқа масалаларни ҳал этиш кўзда тутилган, дейилади ҳужжатда.

Ушбу чораларни маъқуллаш учун кўпчилик овози талаб қилинади. Бошқа муассисларнинг умумий йиғилишда иштирок этмаслиги йиғилиш учун кворумнинг йўқлигига ва оқибатда йиғилиш кун тартиби бўйича қарор қабул қилишнинг имконсиз бўлишига олиб келиши айтилган.

19 апрель куни ТМЗ барча таъсисчиларга, шу жумладан жавобгар томонга (Metalloinvest Holding ва Miramonte Investments) қарор қабул қилиш муҳим бўлган масалалар рўйхати билан иштирокчиларнинг навбатдаги умумий йиғилишини чақириш тўғрисида билдиришнома юборган. 2 ва 5 май кунлари корпоратив почта орқали мазкур корхоналар раҳбарларига (жавобгар томонларга) такрорий билдиришномалар юборилган.

Кипр Metalloinvest Holding`гининг 100 фоиз акцияларига эгалик қилувчи «Оскол электрометаллургия комбинати» АЖ («Металлоинвест» тузилмаси USM холдингига тегишли, холдинг эгаларидан бири эса миллиардер Алишер Усмонов ҳисобланади) ўзининг 5 майдаги мактубида жавобгар томон қўшма корхона фаолиятида, шу жумладан жамият аъзоларининг умумий йиғилишларида қатнашишдан бош тортишини маълум қилган.

Суд қарорида қайд этилишича, «Оскол электрометаллургия комбинати» ўзининг жамият таъсисчилари рўйхатидан чиқариб юборилишига қаршилик билдирмаган.

Иккинчи жавобгар томон Miramonte Investments эса ҳужжатда айтилишича, (АҚШ Молия вазирлиги компаниянинг Алишер Усмоновга алоқадорлигини қайд этган) 2022 йил мартидан бери қўшма корхона фаолиятида, шу жумладан компания иштирокчиларининг умумий йиғилишларида қатнашмаган ва жамият мурожаатларини жавобсиз қолдирган.

«Жавобгар томонларнинг ҳаракатсизлиги жамиятни молиявий соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун энг муҳим қарорларни қабул қилишни имконсиз қилиб қўймоқда, бу эса, ўз навбатида, компаниянинг кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажаришга имкон бермайди ва компанияни банкротлик хавфи остига қолдиради», дейилади Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси даъвосида.

12 июнь куни Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати даъвони қаноатлантирди ва Кипр компаниялари завод таъсисчилари рўйхатидан чиқарилди. Шунингдек, жавобгар томондан 3,3 миллион сўм суд харажатлари ундирилиши белгиланди.

Жамғарма суд қарори устидан апелляция шикоятини берди ва суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги қарорни ўзгартиришни ва харажатларни ТМЗ ООО қўшма корхонасидан ундиришни сўради. Апеллацияга сабаб қилиб жавобгар томон Кипр резидентлари экани, Ўзбекистоннинг ушбу давлат билан ўзаро ҳуқуқий ёрдам бўйича икки томонлама келишувига эга эмаслиги, шу сабабли Кипрда суд харажатларини ундириш бўйича суд қарорини ижро этиш имкони йўқлиги кўрсатилган.

Бироқ апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг важлари Иқтисодий процессуал кодекснинг 118-моддаси бўйича суд харажатларини қўшма корхонага юклаш учун асос бўла олмайди, деб ҳисоблаб, биринчи инстанция судининг 22 июнь кунги қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

«Катта режалар»

алишер усмонов, тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тмз, тошкент металлургия заводи

Шавкат Мирзиёев ва Қобил Шодиев (ўнгда). Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил декабрь ойи бошида Тошкент металлургия заводини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Лойиҳага киритилган капитал қўйилмаларнинг умумий миқдори 334,5 миллион евродан ортиқни ташкил этади, шундан 164,56 миллион евро Россия экспорт-импорт банкининг 10 йилга берилган кредити, 154,7 миллион евро ўз маблағлари (тахминан ярми Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари), 15,1 миллион евро — «Асака» банк кредити ҳисобланади. Корхонанинг ўзини қоплаш муддати ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 8,6 йилни ташкил этган. Дастлаб, лойиҳанинг умумий қиймати 278,2 миллион еврога баҳоланган эди, бироқ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мақсадида лойиҳага ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, бу ўзгарди ўзини қоплаш муддати ҳам 9,3 йилгача узайди.

Заводни 49,7 гектар майдонда қуриш лойиҳаси Россиянинг Метпром гуруҳи томонидан тайёр ҳолатда топшириш асосида амалга оширилди, яъни гуруҳ лойиҳачи ва бош пудратчи сифатида ишлади. Корхона Италиянинг Danieli компанияси технологияси ва автоматлаштирилган ускуналари билан жиҳозланган.

алишер усмонов, тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тмз, тошкент металлургия заводи

Лойиҳани амалга оширишни SFI Management Group хорижий компанияси бошқариб, қурилиш ва фойдаланишга топширишнинг барча босқичларини, жумладан, лойиҳани ишлаб чиқиш, барча манфаатдор томонлар билан музокаралар олиб бориш, инвестициялар, кредитлар жалб қилиш ва хорижий мутахассисларни жалб этишни тўлиқ назорат қилган.

ТМЗ маҳсулотларидан қурилиш саноатида (металл плиткалар, ҳаво қувурлари, сендвич-панеллар, қайрилган профиллар, энгил пўлатдан ясалган юпқа деворли конструкциялар ишлаб чиқариш), маиший техника ишлаб чиқаришда (корпуслар ишлаб чиқариш) ва машинасозликда (автомобиль кузов қисмларини ишлаб чиқариш) фойдаланиш режалаштирилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев завод ишга туширилиши билан Ўзбекистонда талаб мавжуд бўлган металлургия маҳсулотларини ишлаб чиқариш занжири шакллантирилиши, маҳаллий корхоналарда локализация даражаси сезиларли даражада ошишини таъкидлаганди. Завод ишга туширилиши билан биринчи босқичда йилига 400 миллион доллар чет эл валютасининг мамлакатдан чиқиб кетишининг олди олиниши кутилганди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 2,09 миллиард долларлик чўян ва пўлат, 577,7 миллион долларлик металл буюмлар импорт қилган. 2022 йил охирида бу кўрсаткичлар мос равишда 2,5 миллиард ва 730,8 миллион долларга ошган.

Ўшандан бери «Ўзметкомбинат» АЖ қошида литий-прокат мажмуасини қуриш ҳам давом этмоқда (нархи — 800 миллион доллар). Унинг фойдаланишга топширилиши билан ТМЗ билан биргаликда «металлургия кластери»ни яратиш режалаштирилган.

Таъсисчилар

алишер усмонов, тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тмз, тошкент металлургия заводи

Дастлаб устав капитали 197,8 миллион евро бўлган «Тошкент металлургия комбинати» қўшма корхонасининг таъсисчилари Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (49,9 фоиз ёки 98,7 миллион евро) ва Нидерландиянинг Metallurgical Technology and Engineering B.V. корхонаси (50,1%, 99,1 млн евро) бўлган.

Лойиҳани бошқарган SFI Management Group (Алишер Усмонов Forbes нашрига берган интервьюсида компания миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобил Шодиевнинг оиласига тегишли эканлигини айтганди, Қобил Шодиев ТМЗ очилишида иштирок этган ва президентга тақдимот қилган), лойиҳада иштирок этиш таклифи билан чиққан.

Кейинчалик таъсисчиларнинг рўйхатида ўзгариш бўлган ва Metallurgical Technology and Engineering B.V. улуши 41,9 фоизгача камайиб, SFI Management Group 8,2 фоиз улушни олган.

25 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган саноат кўргазмасида «Металлоинвест» бош директори Назим Эфендиев компания «инвестиция киритиб, ТМЗ капиталига кирганини» маълум қилди. Metalloinvest Holding (Cyprus) Limited компанияси Metallurgical Technology and Engineering B.V. ўрнини эгаллаб 41,8 фоиз, Miramonte Investments Limited эса SFI ўрнини олиб 8,2 фоиз улуш эгаси бўлди.

«Металлоинвест» ва Miramonte Investments компаниялари апрель ойида АҚШ санкциялари рўйхатига тушган эди.

2020 йилнинг 30 июнига қадар кенглиги 600 мм ва ундан ортиқ (ТН ТИФ кодлари 7210 49 000 0 ва 7210 70 800 0) прокат ёки қотишмаган пўлат импорти учун божхона тўловлари ундирилмаган. Кейин эса товар божхона қийматининг 10 фоизи миқдорида бож жорий этилди. Ҳозир эса бож ставкаси 10 фоизни ташкил этади, лекин 1 кг учун 0,25 доллардан кам бўлмаган миқдорда ундирилади.