2023 йилда Ўзбекистонга 10 млн нафар хорижий сайёҳ жалб қилиниб, 20 млн нафар маҳаллий аҳолининг саёҳатлари ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков «Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон маданий мероси — Янги Ренессанс асоси» халқаро анжуманида маълум қилинди.

Вазирнинг қайд этишича, бунинг натижасида 2 млрд доллар миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилади.

Шу билан бирга, йил якунига қадар зиёрат туризми йўналишида Туркия, Индонезия, Малайзия, Покистон, Бангладеш, Япония, Исроил, Ҳиндистон ҳамда МДҲ давлатларидан 1,2 млн нафар зиёратчилар жалб қилинади.

озодбек назарбеков, сайёҳ

Вазир 2023 йил январь-май ойларида мамлакатга 2,6 млн нафар хорижий туристлар ташриф буюргани ва 833,5 млн АҚШ доллар миқдорида туристик хизматлар экспорти амалга оширилганини маълум қилди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ошган. 2023 йил 5 ойида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида 8 млн нафар маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи амалга оширилди.

Туризм тарғиботини хорижда ташкил қилиш йўналишида Буюк Британиянинг BBC, АҚШнинг CNN, Европанинг Euronews жаҳон телекомпаниялари, АҚШнинг йирик Netflix ва Amadeus онлайн-стриминг платформалари, Хитойнинг Trip.com онлайн-саёҳат платформаси, Бирлашган Араб Амирликларининг Holiday factory сайёҳлик компанияси, Visa Faсilitation Services Global компанияси маъмуриятлари билан туризм салоҳиятини тарғиб қилиш юзасидан келишувга эришилган.

Бундан ташқари, қайд этилишича, келгусида мамлакатда 170 та меҳмонхона, 72 та хостел, 48 та бошқа тоифадаги жойлаштириш воситалари, жами 290 та жойлаштириш воситалари ташкил этилади, соҳада 50 минг та иш ўрни яратилади, 492 та янги оилавий меҳмон уйлари ташкил этилади.