Ўзбекистонда мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичини олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиш 2 йилга кечиктирилди. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги маълум қилди.

2023 йил 3 июль куни президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, бу фармон билан президентнинг 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармонига ўзгартириш киритилган.

Аввалроқ 2023−2024 ўқув йилидан бошлаб ОТМга кириш имтиҳонларида мактаб битирувчиларининг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичини инобатга олиш режалаштирилгани ва мактаб баҳоларини ҳисобга олиш низоми тасдиқлангани ҳақида ёзгандик.

Тартиб ҳақида

Умумий ўрта таълим муассасаси битирувчилари баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда битирувчининг 6−11-синфлардаги йиллик баҳоларининг умумий йиғиндиси ҳар бир синфдаги ўқиган фанлар сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.

Ўрта махсус таълим муассасалари ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар мактаблари (коллеж, лицей) битирувчилари баҳосининг ўртача кўрсаткичини ҳисоблашда битирувчининг 6−9-синфлардаги ҳамда 1−2-босқичдаги умумтаълим фанлари бўйича йиллик баҳоларининг умумий йиғиндиси ўқиган умумтаълим фанлари сонининг умумий йиғиндисига нисбати олинади.

Максимал балл 100 фоиз деб олинади ва баллар баҳо тизимига қуйидагича ўтказилади:

  • 86−100% учун — 5 баҳо;
  • 71−85% — 4 баҳо;
  • 56−70% — 3 баҳо ва 56%гача — 2 баҳо.

ОТМга қабул тестлари тугагач, белгиланган муддатда абитуриентларнинг тест синовида тўплаган балларига уларнинг ўртача кўрсаткичлари қўшилади, шундан кейин ўқишга танлов амалга оширилади.

Агар абитуриент имтиҳонда максимал баллнинг 30 фоизидан кам балл тўпласа, ажратилган квота доирасида танловда иштирок этолмайди.

Қабул жараёнида абитуриент томонидан тақдим этилган шаҳодатнома (аттестат)даги ёки диплом иловасидаги баҳолар билан махсус электрон платформага киритилган баҳолар ўртасида тафовут аниқланса, у ҳолда абитуриентнинг кейинги ҳолати кириш имтиҳонларида (талабаликка қабул қилинган бўлса) талабаликка қабул қилинган таълим йўналиши доирасида қайта кўриб чиқилади. Агар киритилган ўзгаришлар туфайли абитуриент тўплаган балл қабул чегарасидан пастлаб кетса, мазкур абитуриент олий таълим ташкилотига қабул қилинмайди.